13.03.2022

“Пайшанба”


Таржима, газета ишлари билан бўлиб, икки ойдан бери фильм кўрмаётгандим. Кеча ижтимоий тармоқда тасодифан шу фильм постерига кўзим тушиб қолди-ю, “Кел, бироз ишдан чалғиб, кино ҳам кўрай”, дедим. Гарчи бош ролни ўйнаган актриса – Ями Гаутам ижоди билан деярли таниш бўлмасам-да (уни фақат Ритик Рошан билан шерикликдаги “Kaabil” фильмида кўргандим), негадир айнан шу фильм, тўғрироғи, берилган анонс эътиборимни тортди. Хуллас, фильмни кўрдим ва кўрганимдан афсусланмадим. Ями Гаутам мени яхши маънода ҳайратлантирди. Актриса ўз ролини маромига етказиб ижро этган, менимча. Қаҳрамоннинг адолатга эришиш, қасос олиш учун тутган йўли нотўғри бўлса-да, бу мавзу Ҳиндистон учун ниҳоятда долзарб. Тасаввур қилинг, фильм икки соат давом этади ва ана шу икки соат ичида Ҳиндистонда саккиз нафар аёл зўрланади. Бу ахир даҳшат! Энг ёмони – ана шу зўравонликка қарши чора кўрилмаслиги. Фильмда ана шу ғоя илгари сурилади. Топталган жисм ва қалб эгаларининг ҳаёти ҳеч қачон зўравонликдан олдинги каби беташвиш кечмаслиги таъкидланади.

Фильмда роль ўйнаган ҳар бир актёр ўз ишини аъло уддалаган. Ями Гаутам, Димпл Кападия, Атул Кулкарни, Неха Дхупия (актрисанинг ҳомиладорликнинг анча катта муддатида ҳам шундай ролни ўйнаганига қойил қолдим!) – ҳаммаси қаҳрамонини ҳис қилгани сезилади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий