01.01.2021

Болливуддаги энг чиройли оналар


Биз бугун Болливуднинг энг чиройли ҳомиладор ва она бўлишга улгуран актрисалари ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Аслида, аёллар ва айниқса оналарнинг ҳаммаси ўзича чиройли. Бироқ бу аёлларнинг гўзаллигини дунё ҳам тан олган.

Айшвария Рай. Айшвариянинг яқин орада фарзандли бўлиши ҳеч кимга сир эмас. У тўрт девор ичида ўтирмай, ибодатхонага бориш ёки маросимларда қатнашиш учун кўчага чиқиб турибди, аммо одамлар орасида унчалик кўп кўринмаяпти. Кенг сари кийган актрисанинг кўриниши жуда зўр. Унинг чеҳраси офтобдек нур сочяпти. Бўлмасам-чи! Ахир туғилажак бола Айшвария билан Абхишек учун тўнғич фарзанд саналади. Шифокорлар тахминича, чақалоқ шу ойнинг ўрталарида туғилиши керак.  

Айшвариянинг ҳомиладорлигини 21 июнда бўлажак бува – Амитабх Баччан эълон қилганди. Ота бўладиган Абхишек эса рафиқаси туғишидан олдин унинг ёнида бўлиш учун кичик таътил олиши ҳақида аллақачон ҳаммани огоҳлантириб чиққан.

 

Лара Датта. “Коинот гўзали-2000”, 33 ёшли актриса ҳомиладорлигини кўз-кўзлашдан асло хижолат чекмайди. Акшай Кумарнинг “Speedy Singhs” фильми экранга чиқиши муносабати билан берган зиёфатида Лара ҳомиладорлигини ошкор қилиб турадиган торгина чиройли либос кийишни маъқул кўрди. Махеш Бхупати ҳам рафиқасининг тез орада она бўлишини яширмаётганидан хурсанд. Эслатиб ўтамиз, улар 2011 йил 16 февралда турмуш қуришди, 1 августда эса Лара ҳомиладорлигини расман тасдиқлади.

 

Конкона Сен Шарма. Актриса ўғли Ҳорунга ҳомиладорлик чоғида “ОК!” журнали муқовасида чиқди. “Аёллар ҳомиладорликнинг олтинчи ойи бошлангач, қоринларини кўрсатмасликни маъқул кўришади, – дейди маҳоратли сураткаш Рафик Сайид. – Мен Конконага қўнғироқ қилиб, фотосессия ҳақида сўрадим. Аввал жимлик чўкди, кейин у вазмин оҳангда сўради: “Мен ҳомиладорман, биласизми?” Менинг 17 йиллик иш фаолиятим давомида ҳинд актрисаси илк бор ҳомиладор пайтида фотосессияга рози бўлди. Ғарбда машҳур актриса ёки қўшиқчининг ҳомиладорлигида журнал учун суратга тушиши янгилик эмас. Деми Мур, Моника Беллуччи, Мэрайя Кэри, Бритни Спирс... Умид қиламанки, Конкона бошқа оналарни ҳам илҳомлантиради. Аёллар кўпинча ҳомиладорликнинг охирги ойларида семиз ва бесўнақай бўлиб кетдим деб ҳисоблашади. Ишонтириб айтаманки, бу – хато! Албатта, мен Конкона қанчалик қийналаётганини кўрдим, лекин бу таърифлаб бўлмайдиган бахт! У ниҳоятда мағрур эди. Кейин у суратлар қаттиқ таъсирлантирганини айтди. У фарзанди туғилишидан 10 кун аввал суюкли эри билан фотосессияда қатнашди. Эри съёмка давом этган тўрт соат давомида Конконанинг ёнидан бир қадам ҳам жилмайди”.

2011 йил 15 мартда актриса Ранвир Шорейга ўғил туғиб берди.

 

Кажол. Соҳибжамол актриса ва унинг эри Ажай Девганнинг қизи Ниса 2003 йилда туғилган. Актрисанинг кейинги ҳомиласи тушиб қолгач, анча вақтгача ўзига келолмади. Лекин 2010 йилда “Биз – оиламиз” ва “Тунпур суперқаҳрамони” фильми съёмкаларида матбуотда Кажолнинг яна ҳомиладорлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Актриса съёмкаларни тезроқ тугатишни хоҳлар, тўлишиб борарди. Кўп ўтмай юлдузларнинг ўғли Юг туғилди. Кажол ва Ажай болаларни ОАВдан узоқ тутишга ҳаракат қилишса ҳам, уларнинг сурати матбуотда тез-тез чиқиб туради.    

 

Тара Шарма. Актриса ҳомиладор пайтида оналар ва чақалоқларга мўлжалланган маҳсулотларни роса реклама қилди. У ҳомиладорлик актрисалик фаолиятига нуқта қўймаслигини исботлади. Тара саккизинчи ойгача фильмларда суратга тушди, туғруқдан кейин ҳам дарров ишга қайтди. “Болам мен учун ҳар доим биринчи ўринда бўлади, лекин мен ўзимни ҳам эсдан чиқармайман”, – дейди актриса. Айримлар бу Таранинг фильмларига яхшигина реклама бўлди деб ҳисоблашади, бироқ актрисанинг ишлаши осон кечмади. Туғруқ муддати яқинлашиб қолганда Тара оғир бўлишини сезиб,  “Rensil” фильмида суратга тушишдан воз кечди.

Тара ва эри Рупак Салужанинг иккита ўғли бор: Зен (2009) ва Кай (2011).

 

Амрита Арора. Актриса ўғли Озодни ўтган йили 5 февралда дунёга келтирганди. Аммо унгача маросимларда калта кўйлак ва баланд пошнали туфлиларда бемалол юраверди. Амрита ҳомиладорликнинг илк ойларини алам билан эслайди: “Ҳомиладорлигим туфайли мени фильмдан чиқариб ташлашди. Худди бу бир жароҳат ёки хавфли касалликдек. Менга қаранг, мен ҳали ҳам чиройлиман, баланд пошнали пойабзал ва калта кўйлаклар кийиб юрибман. Ҳомиладорлиги учунгина актрисани ишдан четлаштириш адолатдан эмас”.

 

Каришма Капур. Актриса бу жуда шахсий масала дея иккинчи ҳомиладорлиги ҳақида анча вақтгача гапирмай юрди. Каришманинг тўнғич фарзанди – Самайра 2005 йил 11 мартда туғилган. Ўғли Киан Раж Капурни эса 2010 йилнинг 12 мартида дунёга келтирди.

 

КОМИЛА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий