26.05.2015

“Сенга ошиқман”


ТВда намойиш этилаётган “Сенга ошиқман” (“Meri Aashiqui Tum Se Hi” сериали Экта Капур продюсерлигида “Balaji Telefilms” компаниясида суратга олинган. Сериал сценарийсини Сонали Жаффар ёзган. Драма жанридаги бу сериалда бош ролларни Шакти Арора, Радхика Мадан, Шаҳоб Хон, Уткарша Наик, Сарита Жосхи, Притхви Санкхала ўйнаган. Сериал 2014 йилдан бери Ҳиндистоннинг “Colors TV” телеканалида намойиш этилмоқда.
Экта Капур “Сенга ошиқман” сериалига саундтрек сифатида 2013 йилнинг хитларидан бири бўлган “Ошиқлар-2” (“Aashiqui-2”) фильмидаги “Tum Hi Ho” (“Фақат сенсан”) қўшиғини сотиб олган.
“Сенга ошиқман” — Ранвир исмли йигит тилидан ҳикоя қилинган муҳаббат қиссаси. Сериалда Ранвир ва Ишанининг севги, бу севги асосида эса ҳақиқий дўстлик, садоқат ва чексиз муҳаббат ўртасидаги нозик чегара кўрсатиб берилган.
Оддий ҳайдовчининг ўғли бўлган Ранвир болалигидан бой хонадонда яшайди ва ўша оиланинг хизматини қилади. У ва хўжайиннинг қизи Ишани — яқин дўст. Аслида, Ранвир 15 йилдан бери Ишанини севади, аммо ўрталарида синфий тафовут борлиги сабабли қизга юрагини очишга жазм этолмайди. Вақт ўтиб, Ишанининг ҳам қалбида йигитга нисбатан нозик ҳислар уйғонгандек бўлади. Бироқ қизнинг бадавлат оиласи ҳайдовчининг ўғлини куёв қилишга рози бўлармиди?
Қизнинг тенги эмаслигини англаган Ранвир Ишани учун мукаммал жуфтдек кўринган Чиракка унинг қалбини забт этишга ёрдам беради. Қизни яхши билган Ранвир Чиракда аслида мавжуд бўлмаган фазилатлар билан уни мақтаб, Ишанида яхши таассурот уйғота бошлайди. Ранвир у ўзидаги фазилатларни тасвирлаётганини сезмайди. Ишани аслида мавжуд бўлмаган инсонга кўнгил қўяди. Бироқ кейинроқ Ранвир Чиракнинг Ишанини севмаслигини, унга шунчаки давлати учунгина уйланмоқчи эканлигини билиб қолади ва рақибини ҳақиқатни тан олишга ундайди. Чирак эса Ранвирни тузоққа тушириш учун Ишанининг синглиси Дишадан фойдаланади. Диша бутун оила олдида Ранвирни Ишани Чиракка турмушга чиқаётгани учун ўч олиш мақсадида унга шилқимлик қилишда айблайди. Бундан қаттиқ таъсирланган Ишани Ранвирдан бу гапларнинг ёлғонлигини, уни севмаслигини айтиб қасам ичишини талаб қилади. Бироқ Ранвир Худонинг номи билан қасам ичолмаслигини айтиб, чиндан ҳам Ишанини севишини тан олади. Қизнинг оиласи уни кўчага ҳайдаб чиқаради.

Орадан икки йил ўтади. Бу вақт ичида вазият буткул ўзгаради. Ранвир бой тадбиркорга айланади. Ишанининг оиласи эса отасининг вафотидан сўнг ғариблашиб қолади. Ишани ишлашга мажбур бўлади. Ранвир ҳали ҳам қизни севади, унга яқин бўлиш учун уларнинг уйини ва у ишлаётган компанияни сотиб олади. Ишани оиласини боқиш учун хўжайиндан пул олишга мажбур бўлади. Бироқ қаршисида Ранвирни кўриб, лол бўлиб қолади. У Ранвирнинг уйни сотиб олганини оиласидан ўч олишга бўлган уриниш деб тушунади. Шу палладан Ишани ва Ранвирнинг ўртасидаги нафрат қиссаси бошланади.
Ишанининг давлатидан айрилганидан хабар топган Чирак тўй куни унга уйланишдан воз кечиб, собиқ севгилиси Шанаилла билан топишиб олади. Ранвир ҳам ўша куни Ритикага уйланиши керак эди. Бироқ Ритика Ранвир севган ва бирга бахтли бўлиши мумкин бўлган ягона қиз Ишани эканлигини тушунади.
Ранвир ва Ишани турмуш қуради. Бироқ уларнинг ҳаёти бошида ширин кечмайди. Ишани аввалига унга шубҳа билан қарайди, ҳатто нафратланади. Аста-секин унинг ҳақиқий туйғуларидан хабар топиб, хатосини англайди.
Чирак Ишанини Ранвирга қарши қайраб, туҳмат қилади. Ишани шунча пайтдан бери Чиракни эмас, энг яқин дўсти Ранвирни севганини тушунади. Чирак ўзи ва Ишанининг қалбаки суратларини Ранвирга юбориб, унинг қалбида шубҳа уйғотади. Ишани Ранвирнинг ишончини қайтариш учун ҳаракат қилади. Ранвир хотини унга хиёнат қилмаганини англаб, унга бор муҳаббатини бағишлашга ваъда беради. Бироқ Ишани ўғлининг бошига фақат ёмон кунларни солган деб ҳисоблаган Ранвирнинг онаси ва Ранвирнинг оиласида неварасига кун беришмайди деб тусмоллаган Ишанининг бувиси уларнинг ажрашишини маъқул кўради. Севишганлар оилалари олдида ўзларини бир-биридан нафратланаётгандек кўрсатишга қарор қилишади.  
Чирак Ранвирни ўлдиришга уринади, аммо мақсадига эришолмайди, ўзи ўлади. Ишани айбни ўз бўйнига олади. Ранвир ва Ишани ажрашади.
Ранвир ва Ритика бирга яшайди. Ритика Шармандан ҳомиладор бўлади.
Адвокат Ишанининг айбсизлигини исботлайди...
Севдора тайёрлади.

P. S. Maqolani ruxsatsiz ko`chirib bosish taqiqlanadi.

Комментариев нет:

Отправить комментарий