04.05.2015

“Мен ва сен” (“Hum Tum”)


"Мен ва сен” фильмнинг асосий қўшиғи эса оғизга тушиб, мухлисларнинг кўнглидан жой олди. “Мен ва сен”Ҳиндистонда хит бўлган, хорижда ҳам ўз мухлисларини топган фильм.
Картина “Яш Раж Филмс” компаниясига тегишли бўлиб, режиссёри Кунал Кохлидир. Биз уни дебют фильми “Мен билан дўст бўласанми?” орқали таниймиз. “Мен ва сен” ҳам катта даромад келтирди. Ваҳоланки, бу фильмнинг аксар қисми хорижда суратга олинган.
 
Каран Капур (Саиф Али Хон) Ҳиндистоннинг етакчи газеталаридан бирида мультипликатор бўлиб ишлайди. Оддийроқ айтганда, комикслар чизади. Энг машҳур персонажлар — Hum Tum газета саҳифаларида чиқарилган. Нима учун Hum Tum? Чунки у дунёни шундай кўради. Унинг учун фақат икки муаммо мавжуд — қизлар ва йигитлар.
Илк бор Каран Рия Пракаш (Рани Мукхержи)ни Амстердамда учратади. Улар арзимаган нарсадан баҳона топиб баҳслашаверишади. Дўстликни мустаҳкамлаш учун йигит қизни ўпиб қўяди. Аммо Рия учрашувга зиддиятли нуқтада якун ясайди.
Ярим йилдан сўнг дуэт Нью-Йорк боғларида яна учрашиб қолишади. Рия Амстердамдаги бўсани унутмаганди! Қиз бунинг жазосиз қолишини истамай, дугонасини Карандан айнитади.  Улар учун янги муносабатлар даври бошланади!
 Илк учрашувдан ўн йил ўтиб, улар барча зиддиятларга қарамай, дўстлашиб олишади. Рия ҳаётнинг паст-баландини кўради, аммо содиқ дўсти Каран ҳар доим ёнида бўлади. У бу вақт давомида турли шаҳарларни айланиб чиқади. Каран бир куни Риянинг онаси (Кирон Кхер) розилиги билан ошнаси Михир (Жимми Шергил) билан тўйини режалаштиради. Аммо Михир Рия эмас, Караннинг дугонаси Диана (Иша Коппикар) билан унашиб олади.
Каран ва Рия яна айрилишади...
Аммо барча омадсизликларга қарамай, уларни тақдирнинг совғаси кутаётганди...
Фильмда, шунингдек, Риши Капур, Абхишек Баччанлар ҳам суратга тушган.
“Мен ва сен”ни романтик комедия деб аташ тўғри бўлади.
Саиф Али Хон ҳамда Ранининг Амстердамдаги саҳнаси жуда ёқимли, кишида чиройли таассурот қолдиради. Ҳатто Рани турмушга чиққанда ҳам, воқеанинг жозибаси йўқолмайди.
Фильмнинг иккинчи қисмида икки рақиб дўстга айланади-да, қалбидаги ҳиссиётларни бир-бирига очиқ айтолмайди. Томошабин ҳам боши берк кўчага кириб қолгандай бўлади.
Фильмнинг муваффақияти — актёрларнинг тўғри танланганида. Каран ролида Саифдан бошқасини тасаввур қилиш қийин. Унинг услуби ушбу фильмга жуда мос келади. Унинг Карани чидаб бўлмас, айни пайтда ёқимтой ҳамдир. У меҳрибон одам. Фильмдаги персонажи ёшлар орасида мухлисларини кўпайтириши аниқ.
Рани ҳақида ҳам худди шу фикрларни билдириш мумкин. У ўз даврининг энг яхши актрисаларидан бири эканини исботлади. Мукхержининг ташқи қиёфасига ҳам, маҳоратига ҳам қойил қолса бўлади. Саиф ва Ранининг қаҳрамонлари бир-бирининг акси бўлса-да, икковлон фильмни тўлдириб туради, томошабинда ажойиб таассурот қолдиради. Ваҳоланки, ҳинд фильмларида кўпгина жуфтликларга айни шу нарса етишмайди.
Кирон Кхернинг инглизча талаффузи ҳам фильмга мос келган. Риши Капур эса “Мен ва сен”га ўзгача жозиба бахш этган. Актёр устозлар ҳали кўп ишга қодирлигини исбот қилди. Рати Агнихотрининг роли кичикроқ бўлса ҳам, табиийлиги билан мухлисга хуш келади.
“Мен ва сен”да махсус таклиф этилган меҳмонлар бор эди. Уларнинг номи премьерага қадар сир тутилди. Абхишек Баччан фильмда ўзини жуда эркин тутди. Жимми Шергил ҳам томошабинларнинг эътиборига лойиқ актёр. Иша Коппикар ўз ролига мос. Шеҳназ ҳам.
“Мен ва сен”нинг бастакорлари Жатин-Лалит ва Вероника Мехтадир. Сўзларини Прасон Жоши, Вероника ва Жагги D. Лар ёзишган. Фильмдаги асосий қўшиқнинг сўзлари эмас, мусиқаси ҳам томошабинларни мафтун этди. Чиндан ҳам, қўшиққа гап йўқ.
Умуман олганда, Мен ва сен — актёрларнинг ажойиб ижроси, дилтортар қўшиқлар, чиройли манзара.

Комментариев нет:

Отправить комментарий