Режиссёр Ражкумар Хиранининг “3 савдойи” (“3 Idiots”) фильми Болливудда кутилмаган шов-шув кўтариб, ҳатто “Энг яхши фильм” номинациясида миллий мукофотни ҳам қўлга киритди. Ушбу картинада бош ролларни Амир Хон, Мадхаван, Шарман Жоши ва Карина Капурлар ўйнаган.
Ражкумар Хиранининг комедия жанридаги “3 савдойи” фильмининг сценарийсини Абхижит Жоши ёзган, продюсер эса Видху Винод Чопра. Фильм Четан Бхагатнинг “Кимнингдир бещ нуқтаси” романига асосланган. “3 савдойи” премьерадан сўнг касса тушумлари бўйича барча рекордларни синдириб, яхшигина даромад тўплади. Картина бир ҳафта давомида бир миллион рупий келтирди. Бундай воқеа Болливудда ҳалигача бўлмаган эди. “3 савдойи” Амир Хоннинг аввалги хити “Қасос” (“Ghajini”) рекордини ҳам синдирди. Бюджети 35 крор (7,95 миллион доллар) бўлган фильм 399 крор (76,95 миллион доллар) даромад келтирди.
“3 савдойи” яхши даромад келтиришдагина эмас, балки мукофотларни қўлга киритишда ҳам юқори натижаларни (учта миллий мукофот, олтита “Filmfare Awards”, ўнта “Star Screen Awards”, ўн олтита “IIFA awards”) кўрсатди.
Фильмда коллеж ётоқхонасида битта хонада яшайдиган уч йигит — Фархан Қурейши (Мадхаван), Ражу Растоги (Шарман Жоши) ва Ранчо лақабли Шьямалдас Чанчад (Амир Хон) Фархан ва Ражу — ўртаҳол оила фарзандлари, Ранчо эса бой хонадон фарзанди. Бу уч йигитнинг ҳаётдаги мақсади бошқа-бошқа, аммо коллеждаги ўқиш уларни бирлаштирган. Ранчо ўзининг ноодатий жавоблари ва ҳаракатлари билан коллеждаги ўқитувчилар ҳамда директорнинг ғашини келтиради. Ранчо эса дўстлари билан бирга уларнинг ғашига тегишда давом этади.
“3 савдойи”ни суратга олиш ишлари 2008 йил 28 июлда бошланди. Съёмкалар Деҳли, Бангалор, Мумбай, Ладакх, Шимлада бўлиб ўтди. Фильмнинг илк саҳнаси Мадхаваннинг самолётдаги саҳнаси бўлди. Ўзини “энг савдойи” режиссёр деб атаган Ражкумар Хирани фильмда бош ролни ўйнайдиган Карина ва учала актёрдан озишни талаб қилди.
“3 савдойи” ҳозирда “Менинг исмим Хон” фильмидан кейин хориж бозоридаги энг харидоргир ҳинд фильми бўлиб турибди. Картина АҚШ, Австралия ва баъзи Африка давлатлари, шунингдек, Буюк Бринатияда томошабинларнинг эътиборига тушди. масалан, Қўшма Штатларда фильм то шу кунгача 6,5 миллион доллар даромад тўплади.
Танқидчилар ва томошабинлар “3 савдойи” ҳақида асосан ижобий фикрлар билдиришди. Танқидчи К. Жха шундай фикр билдирди: “3 савдойи” мукаммал санъат асари эмас, албатта. Лекин бу замонавий санъатнинг ҳаётий, илҳом бағишловчи ва ҳиссиётларга тўла намунаси. Талабалар ўқув режасини бажаролмагани учун жонига қасд қиладиган мамлакатда “3 савдойи” умид бағишлайди. Балки кино ҳаётни сақлаб қололмас. Лекин кино сизни ҳаёт яшашга арзишига ишонтиришга қодир. “3 савдойи” шундай қилади, ҳатто бундан ҳам ортиқ.
“Бу фильм — кулги исёни... Хирани бу ишида ҳам фалсафий инсонпарварлик ғоясини сингдирган”, — дейди “Times of India” мухбири Никхат Казми.
“3 савдойи” экранга чиқишидан олдин режиссёр Ражкумар Хирани Четан Бхагатнинг асари ва фильм воқеалари ўртасидаги боғлиқликни қуйидаги изоҳлади: “Четан менга китобни ўқишга берди ва мен шу асосда фильм олишни хоҳлаб қолдим. Лекин мен бошиданоқ фильмни тўлиғича бу асар асосида суратга ололмаслигимни билардим, чунки жудаям латифанамо эди, баъзи жойларини ўзгартиришга тўғри келарди. Шунинг учун буни сценарий шаклига келтира бошладим. Сиз фильм асардан буткул фарқ қилишини кўрасиз. Сценарийни ёзиб бўлганимдан сўнг Четанни чақириб, унга кўрсатдим. Маъқулламаса, лойиҳани тўхтатишимни айтдим. Лекин у сценарийни яхши қабул қилди”.
“3 савдойи”нинг премьерасидан сўнг ёзувчи Четан Бхагат қуйидагича фикр билдирди: “Сценарий ёзилаётган пайтда ижодкорларнинг ёнида туришга ҳаракат қилдим, лекин ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқолмадим. Чунки Гонконгда бошқа асарни ёзиш билан банд эдим. Фильмда асарнинг руҳи сақланган. “3 савдойи” китобдан фарқ қилади, лекин кўп нарсалар китобдан олинган. Асосий мавзу ҳам бевосита китобдан келиб чиққан. Шунинг учун ҳам киночилар фильмни Четан Бхагатнинг романига асосланган” деб қайд этишган”.
СЕВДОРА тайёрлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий