“Садоқат”... Бу фильм — ҳинд киноижодкорларининг қайта-қайта томоша қилишга арзийдиган ва ҳар гал кўрганда, нозик ҳиссиётларни уйғота оладиган фильми. Бир аёлнинг оғир қисмати ҳақида ҳикоя қилса-да, томошабин қалбида ёруғ кунларга ва муҳаббатга, садоқатга бахшида умрнинг мукофоти борлигига ишонтиради.
“Садоқат” (“Аradhana”) фильми томошабинларга яхши таниш ва севимли картиналардан. Бу фильм 1969 йил режиссёр Шакти Саманта томонидан суратга олинган бўлиб, сценарийни Сачин Бхоумик ва Рамеш Пант ёзган. Бош ролларни Шармила Тагор ва Ражеш Кханна ўйнаган. Айтиш жоизки, актёр учун ҳам, актриса учун ҳам бу кинокартина ижодидаги энг муваффақиятли фильмлардан бири бўлган.
“Садоқат” Голливуднинг 1946 йилда ишланган “To Each His Own” фильмининг римейки саналади.
Ҳинди ва бенгал тилларида чиқарилган “Садоқат” фильми асосида кейин иккита римейк ишланди. Тамиль тилида чиққан картинанинг номи “Sivakamiyin Selvan” (1974), телугудаги эса — “Kannavari Kalalu” (1974).
Сюжет
Фильмда онанинг ўз ёрига, ўғлига бўлган чексиз меҳру муҳаббати, садоқати ҳақида ҳикоя қилинади. У фарзанди учун ўз ҳаётини, ёшлигини қурбон қилади.
Ёш учувчи мафтункор қизни севиб қолади. Бироқ у ҳали одамларга аёлга уйланганини маълум қилиб улгурмай ҳалок бўлади. Кўп ўтмай ёш аёл ўғил фарзанд кўради. Жамият наздида унинг боласи — ноқонуний, беникоҳ туғилган. Ўзининг ва унинг ҳаётини барбод қилишдан чўчиган аёл уни болалар уйига топшириб, кейин ўзи асраб олмоқчи бўлади. Бироқ улгурмайди, уни бошқа биров фарзанд қилиб олади. Ҳаётини фарзандидан айри тасаввур қилолмаган аёл ўша одамнинг уйига энага бўлиб ёлланади...
Актёрлар
Шармила Тагор — Вандана Трипатхи
Ражеш Кханна — Харун, Сураж Прасад Саксена
Сужит Кумар — Мадан Верма
Пахади Санйал — Гопал Трипатхи
Анита Датт — Прасад Саксена хоним
Фарида Жалол — Рену
Мукофотлар
Ушбу фильм “Энг яхши фильм” номинациясида “Filmfare” мукофотини қўлга киритган. Шармила Тагор эса “Энг яхши актриса” сифатида тақдирланди (ўз вақтида Голливудда Оливия Хавилланд ҳам оригинал фильм учун худди шу номинацияда Академиянинг мукофотига сазовор бўлган). Овози билан сеҳрлаб қўядиган Кишор Кумар эса “Roop Tera Mastana” қўшиғи учун “Энг яхши эркак қўшиқчи” номинациясида мукофотланган.
КОМИЛА тайёрлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий