04.12.2020

“Ўғирланмаган келин”

 


“Ўғирланмаган келин” (“Dilwale Dulhania Le Jayenge”) — дебютант режиссёр Адитья Чопра ва продюсер Яш Чопранинг 1995 йил 20 октябрда катта экранларга чиқарилган романтик мусиқий комедияси. Фильмда бош ролларни Шоҳруҳ Хон ва Кажол ўйнаган. Чопра ва Хоннинг “Қўрқув”дан кейин ҳамкорликдаги иккинчи фильми. “Ўғирланмаган келин” 10та номинацияда “Filmfare” мукофоти (у давр учун рекорд натижа) ва Ҳиндистон Миллий киномукофоти билан тақдирланди. Йилнинг энг кассабоп фильми ва жаҳон киноижарасида 19 миллион доллар тўплаб, Болливуднинг энг муваффафиятли фильмларидан бирига айланди. Фильм кинотеатрларда 1000 ҳафтадан кўпроқ (деярли 20 йил) намойиш этилди, сўнгги намойиш 2015 йил 19 февралда бўлди. Яқинда фильмнинг кинотеатрлардаги намойиши яна тикланди.

Фильмдаги ҳамма мусиқани Жатин ва Лалит, қўшиқлар матнини эса Ананд Бакши ёзган. Бакши “Tujhe Dekha To” қўшиғи учун “Filmfare” мукофоти билан тақдирланди. Альбом сотувга чиқарилгандан сўнг йилнинг энг харидоргир саундтреки бўлди. “Planet Bollywood” талқинига кўра, Болливуднинг 100та энг яхши саундтреки рўйхатида олтинчи ўринни эгаллади.  

“Ўғирланмаган келин”да янграйдиган “Mehndi Laga Ke Rakhna” қўшиғи хитга айланди, уни ҳалигача тўйларда ижро этишади.

Яш Чопра отасининг ёнида шу вақтгача режиссёр ёрдамчиси ва продюсер бўлиб ишлаган Адитья Чопрага режиссёрлик курсисини ишониб топширишга қарор қилди. Адитья фильмни тўлиқ ўз дидига мослаб суратга олди. Яш Чопра режиссура ишларига аралашмади, асосий қисмларни суратга олиш ишлари тугагунча кўрмади.

Фильм ҳиндларнинг хориждаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи илк кинокартиналардан бири бўлди. Кейинроқ кўплаб фильмлар, жумладан, “Саробга айланган умидлар”, “Гоҳи шодлик, гоҳи ғам”, “Ўткинчи дунё”, “Салом-намасте”, “Ҳеч қачон алвидо деманг”да шундай муҳитни кўриш мумкин.

Аввалига Адитья Чопра бош ролга Том Крузни таклиф қилмоқчи бўлди, чунки фильм Ҳиндистон-Америка фильми бўлишини истаганди, бироқ хорижий юлдузни таклиф қилишни истамаган отаси уни фикридан қайтарди. Чопра бош ролни Саиф Али Хонга таклиф қилди, лекин у рад этди. Шундан сўнг у Шоҳруҳ Хонни танлади, бироқ аввалига Хон ҳам фильмнинг романтик руҳи туфайли иккиланди. Охир-оқибат, Чопра уни кўндирди, кейинчалик Шоҳруҳ бунинг учун Адитьяга қайта-қайта миннатдорчилик билдирди. Бош аёл қаҳрамон ролига эса Чопра Кажолни таклиф этди. Бунга қадар Шоҳруҳ ва Кажол “Базигар” ва “Каран ва Аржун”да бирга суратга тушган эди.   


Қаҳрамонларнинг Европадаги сафари асосан Швейцарияда суратга олинган. Бошқа кўп саҳналар Лондон ва Ҳиндистонда тасвирга туширилган.

Фильм хореографи аввалига Сарож Хон эди, бироқ Чопра билан келишмовчиликлар туфайли унинг суратга олиш ишлари якунида Фарах Хон олинган.

Фильм номини актриса Кирон Кхер таклиф қилган (Ашок Ройнинг фильмида янграган “Le Jayenge Le Jayenge” қўшиғидан). Шоҳруҳнинг қаҳрамони бутун фильм давомида шу қўшиқдан қисқа хиргойи қилиб юради.

Суратга олиш ишлари тугагандан сўнг Адитья Голливудча услубда суратга олиш жараёни ҳақида ҳужжатли фильм ишлади, ҳинд киносаноатида ҳали бунақаси бўлмаганди. Ҳужжатли фильм “Ўғирланмаган келин” катта экранга чиқарилишидан икки кун олдин “Дурдаршан” каналида намойиш қилинди.

“Ўғирланмаган келин” “Yash Raj Films” киностудиясида суратга олинган биринчи Болливуд фильми бўлди.    

Бу фильм режиссёр Каран Жохарнинг актёрликдаги дебюти саналади.

Шоҳурҳнинг қаҳрамони “Rukh Jaa O Dil Deewane” қўшиғи якунида Кажолнинг қаҳрамонини қўлидан тушириб юборганда, актрисанинг таажжуби самимий бўлди — Адитья Чопра Кажолга Шоҳруҳ Хоннинг бундай қилишини айтмаганди, шу боис актриса чиндан ҳам таажжубга тушганди.   

Адитья Чопра Шоҳруҳнинг қаҳрамонини Раж Капур шарафига Раж деб атаган.

“Ўғирланмаган келин” “Она Ҳиндистон ва “Девор” фильмлари билан бир қаторда “Кўришингиз керак бўлган 1001та фильм” рўйхатидан ўрин олган ҳиндий тилидаги учта фильмдан бири саналади. Британ кино институти тузган “Барча даврларнинг энг яхши ҳинд фильмлари” рўйхатида 12-ўринни эгаллайди.  

 

КОМИЛА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий