11.12.2020

Болливуднинг кейинги Айшвария Райи ким бўлади?

Айшвария Рай бутун дунёга танилган ягона Болливуд юлдузи эмас. Унинг ўрнини босишга Болливуд гўзалларининг янги авлоди келмоқда.

Ҳинд киноси ҳақида гапирганда, кўпчилик бир қолипдаги ғоялар, анъанавий ҳинд кийимлари ва кети кўринмайдиган рақсларни тасаввур қилади. Аммо замонавий Болливуд буткул бошқа сифатли фильмларни таклиф қилиб, бутун дунё томошабинлари ва танқидчиларининг эътиборини тортмоқда. Энг аввало Болливуд актрисалари эътиборни тортишади: уларнинг чиройи ва жозибаси мафтун қилади.

Бунга биргина мисол — Айшвария Рай. Бу актриса нафақат ҳинд киносида, балки, Голливудда ўзини танита олди. Ваҳоланки, Болливудда жаҳон томошабинлари эътиборини торта оладиган актрисалар етарли.

 Шина Шахабади


Шина кино оламига болалигида кириб келди. У таниқли актриса Садхана Сингх ва кинопродюсер оиласида туғилди. Шина илк бор ўсмирлар ҳақидаги “Сен билан бирга” фильмида суратга тушди, суратга тушиш давомида эса исёнкор ўсмирлар қиладиган ишни қилди — ота-онасига аччиқ қилиб, улар маъқулламаган йигитга турмушга чиқди. Аммо бу никоҳ атиги уч ойга етди. Шина ҳозирда суратга тушишда давом этиб, ҳинд киносининг энг истиқболли актрисаларидан бири саналади.

 Приянка Чопра

Приянка 2000 йилда “Дунё гўзали” тожини кийишдан ташқари, бир нечта нуфузли ҳинд киномукофотлари соҳибаси бўлди. Ўсмирлигида ахборот технологиялари муҳандиси ёки руҳшунос бўлишни орзу қиларди, аммо кинода суратга тушиш истаги устун келди. 2003 йилда “Андаз” фильмида илк бор суратга тушган Приянка ҳозирда ҳинд киносининг энг фаол актрисаларидан бири саналади. Шу билан бирга хорижий лойиҳаларда ҳам суратга тушмоқда.

 Неха Шарма

Неха Шарма ўнта фильмда суратга тушишга улгурди. “Ёш Ҳиндистон”, “Телба оила-2”, “Бизнинг севги қиссаларимиз”, “Қармоқда” сингари кинокартиналар номи сизга у қадар таниш бўлмаслиги мумкин, аммо актрисанинг юртида киноижарада яхши даромад келтирди. Маълумотига кўра, Неха либос дизайнери, шунингдек, модель бўлиб ишлайди, профессионал тарзда ҳинд мумтоз рақси билан ҳам шуғулланади.

Дипика Падукон

Унинг кинодаги фаолияти “Айшвария” фильмидан бошланди. Райга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган фильм Ҳиндистонда яхши оммалашди. Аммо Дипика “Ом Шанти Ом” фильмида суратга тушгандан сўнг машҳурлик ва мухлислар муҳаббатига эришди. Бу фильмдаги иштироки учун Падукон “Энг яхши дебютант актриса” номинациясида мукофотланди, картинанинг ўзи эса 2007 йил ҳинд киноижарасида энг даромадли фильм бўлди. Ҳозир актрисанинг фильмографиясида ўндан ортиқ фильм бор, бундан ташқари, у шу йили Голливуд фильмида ҳам суратга тушди.

 Амрита Рао

Болливуднинг кўп актрисалари сингари Амрита Рао ҳам кинодаги йўлини фотомоделликдан бошлади. У иштирок этган фильмлар, масалан, “Вива” халқаро муваффақият қозонди. Болливуддаги фаолияти учун Амрита вокал машғулотларини иккинчи ўринга суришга мажбур бўлди, ваҳоланки, у эстрада қўшиқчиси сифатида шуҳрат қозониши мумкин эди.

 

Шазан Падамси

Болливуднинг бўлажак юлдузларидан бири, ажойиб комик актриса Шазанга бугун кинода талаб катта. 2015 йилда у иштирок этган учта фильм экранга чиқди.

 Сонам Капур

Сонам — машҳур ҳинд актёри Анил Капурнинг қизи. Шу кунгача кўплаб фильмлар, хусусан, “Мавсум”, “Севги қиссаларини ёмон кўраман”, “Деҳли-6”да суратга тушди. Сонамнинг ҳозирги кунгача энг сўнгги лойиҳаси бўлмиш “Ниржа” эса кўпчилик — мухлислар ва танқидчилар эътирофига сазовор бўлди. Кинода суратга тушишдан ташқари, модель сифатида ҳам муваффақиятли ишлаяпти.

 Прити Зинта

Прити Зинта инглиз адабиёти бўйича таълим олди ва “руҳшунос-криминалист” йўналиши бўйича қўшимча дарсларга қатнади, шунинг учун актриса бўлишни хаёлига келтирмасди. Аммо кунларнинг бирида уни учратиб қолган режиссёр Притини киносиновга боришга кўндирди. Ҳозирда у машҳур актриса бўлибгина қолмай, ўз продюсерлик компанияси ва крикет жамоасига ҳам эга.

 Шилпа Шетти

Шилпа Шетти моделлар оиласида туғилган бўлса-да, ота-онасининг изидан кетолмади — ноодатий гавда бичими туфайли уни реклама агентлари ва ялтироқ журналлар муҳаррирлари кўп таклиф қилишимасди. Аммо киносиновлар омадли бўлди — Шилпа учун суратга олиш майдончаси 17 ёшиданоқ иш жойига айланди. Ҳозирда унинг фильмографиясида элликдан ортиқ фильм бор. Уни киносаноатда янги деб бўлмайди, аммо Ғарб продюсерлари Шилпага энди эътибор беришяпти.

 

Бипаша Басу

Бипаша доктор бўлишни орзу қиларди, аммо 16 ёшида моделлар танловида ғолиб бўлгач, режалари буткул ўзгарди. Бироқ бир неча йил журналлар учун суратга тушиш, подиумдаги иш кинодаги илк ролини ўйнагандан сўнг Бипашага насиб қилган машҳурликка тенг келолмайди. “Ажнабий” фильмидаги роли учун актриса “Энг яхш дебютант актриса” номинациясида нуфузли ҳинд киномукофотини қўлга киритди.

 Прачи Десаи

Ҳинд томошабини Прачи Десаини 2006 йилда “Ваъда” сериали чиққандан сўнг таниди. Ўшанда у 17 ёшда эди, шу боис ижодий фаолияти чун коллеждаги ўқишини ташлашига тўғри келди. Унга ҳар томондан таклифлар туша бошлади — бугун у Болливуднинг энг кўп талаб тушаётган актрисаларидан бири. Бундан ташқари, омади юришган модель ҳам.

 Рани Мукержи

Ранининг деярли ҳамма оила аъзолари кинога алоқадор. 38 ёшли актрисанинг фильмографиясида 50га яқин фильм бор — уларнинг ҳаммаси ҳам тижорий муваффақиятга эришиб, томошабинлар эътирофига сазовор бўлмаган бўлса-да, меҳнаткашлик ва истеъдод Ранига Болливуднинг энг яхши актрисалари ўнталигида уч йил кетма-кет юқори ўринни эгаллаб туришга ёрдам берди.

 Карина Капур

Карина ҳинд киносаноатининг энг обрўли оилаларидан бирида туғилган бўлса-да, муваффақиятга эришишига танишлар эмас, балки, ёқимтой чеҳраси ва актёрлик маҳорати ёрдам берди. Унинг оиласида аёллар оила учун доим касбидан воз кечган. Бироқ Карина, оила анъаналарига зид равишда, мамлакатнинг энг машҳур ва кўп ҳақ тўланадиган актрисаларидан бирига айланди. У иштирок этган “Уч савдойи” фильми эса ҳинд киноси тарихидаги энг кассабоп фильм деб тан олинди.

 Катрина Каиф

Катрина Гонконгда туғилиб, Гавайи ва Лондонда яшади, аммо Ҳиндистонга келгач, машҳурликка эришди. Катринани у модель сифатида қатнашган мода намойишларидан бирида кинода суратга тушишга таклиф қилишди. Илк роллари унга шуҳрат келтирмаган бўлса-да, кейинчалик тиришқоқлик ва меҳнаткашлик сабаб актриса сифатида омад қозона олди. Ҳозирги кунда 40тача фильмда суратга тушган Катрина Болливуднинг энг порлоқ юлдузларидан бири саналади.

 Кратика Сенгар

“Кратика” исмининг бир нечта маъноси бор, шулардан бири — “юлдуз бўлган”. Кратика суратга олиш майдончасига бахтли тасодиф туфайли келиб қолди. Реклама агентлигида амалиёт ўтаётганда, режиссёр дўсти унга ўзини қисқа метражли фильмда синаб кўришни маслаҳат берди. Ҳатто қисқа метражли фильмда ҳам у ўзининг иқтидорини намойиш эта олди. Шундан сўнг унга бирин-кетин таклифлар туша бошлади. Беш йиллик фаолияти давомида Кратика юлдузга айланиб, Ҳиндистоннинг нуфузли киномукофотларида мукофот ва совринларни қўлга киритди.

 КОМИЛА тайёрлади.

1 комментарий:

  1. The 22 Best Casinos in San Francisco | MapyRO
    The 22 광주 출장안마 Best Casinos in 울산광역 출장마사지 San Francisco · 2. Borgata Hotel & Casino · 안성 출장마사지 3. Caesars Palace Hotel and Casino · 4. Borgata Hotel & Casino · 논산 출장안마 5. The 전주 출장샵

    ОтветитьУдалить