02.12.2020

“Менинг исмим масхарабоз”


“Менинг исмим масхарабоз” (“Mera Naam Joker”) ҳинд киносининг афсонавий актёри Раж Капур томонидан суратга олинган фильм. Айнан шу фильм Риши Капур илк бор суратга тушган. “Менинг исмим масхарабоз” киноижарада муваффақият қозонмаган, бироқ вақт ўтиб, танқидчилар томонидан юксак баҳоланиб, турли номинацияларда “Filmfare Awards” ва Миллий киномукофот билан тақдирланган.

 1970 йилда экранга чиққан “Менинг исмим масхарабоз” фильмида масхарабоз Ражу ҳақида ҳикоя қилинади. Ражу вафоти яқинлигини сезиб, сўнгги томошасини қўяди. У ўзига қадрли бўлган ҳаммани, жумладан, ҳаётининг турли паллаларида севган уч аёлни таклиф қилади.

Улардан бири — Ражунинг мактабдаги ўқитувчиси биринчи муҳаббати бўлган. Бироқ Мэрининг ёши ўқувчисидан катта эди ва бошқаси билан унаштирилганди.

Иккинчи аёл — Марина, собиқ иттифоқдан Раж ишлаётган циркка гастролга борган циркчи аёл. Иккови бир-бирининг тилини тушунмаса-да, муҳаббат икки томонлама эди. Бироқ гастроллар тугагач, Марина юртига қайтишга мажбур бўлади.

Учинчи қиз — актриса бўлишни орзу қиладиган етим Минани циркни тарк этганидан кейин учратади. Улар бирга аввал цирк, кейин театр томошаларини қўйишади. Бироқ Минага кинодан роль таклиф этишган, у шон-шуҳрат учун шеригини ташлаб кетишга қарор қилади.

* * *

“Chicago Reader” нашри журналисти “Менинг исмим масхарабоз”ни автобиографик ва ўта шахсий фильм деб баҳолайди. Бироқ унинг фикрича, айнан Раж Капурнинг инсонпарварлик ғояси унинг Ҳиндистонда муваффақиятсизликка учрашига сабаб бўлган. Фильм бош қаҳрамоннинг иштиёқи ва яхши саҳналаштирилган мусиқий номерлар туфайлигина “ютади”. Бироқ бош ролларни ўйнаган актрисалар, унинг фикрича, иқтидоридан кўра, ташқи кўриниши учун танланган.     

* * *

Фильм сценарийсини машҳур ҳинд ёзувчиси Хўжа Аҳмад Аббос ва Манож Кумар ёзган.

Суратга олиш ишлари 1963 йилда бошланиб, олти йил давом этган.

Фильмнинг тўлиқ варианти беш соат давом этган, ижарага чиқариш учун Раж Капур суратга олинган материалнинг бир қисмини кесиб ташлашга мажбур бўлган. Бироқ шундан кейин ҳам намойиш пайтида иккита интервал қўйишга тўғри келган.

Хема Малини “Filmfare” журналининг 1968 йил 29 мартдаги сонига берган интервьюсида “Менинг исмим масхарабоз” фильмига шартнома имзолаганини айтган. Хеманинг қандай сабаб билан лойиҳадан чиқиб кетгани номаълум.

Цирк акробат аёли ва бош қаҳрамоннинг иккинчи маҳбубаси ролига аввалига Шармила Тагорни таклиф қилиш режалаштирилган, бироқ кейин рус балеринаси Ксения Рябинкинани маъқул кўришган.

“Kaate Na Kaate Raina”қўшиғи “Амрапали” фильми учун ёзилган, бироқ уни эшитгандан сўнг Капур ўз фильмидан фойдаланишини айтиб, гапида туриб олган.

“Менинг исмим масхарабоз” — Раж Капурнинг Лата Мангешкарнинг қўшиғи янграмайдиган ягона фильм. “Сангам” чиққандан сўнг режиссёр қўшиқчи билан уришиб қолган, шундан сўнг Мангешкар хоним унинг киностудияси учун қўшиқ куйлашдан воз кечган. Бироқ кўп ўтмай улар ярашишган ва “Бобби” фильмидан бошлаб Лата Капурнинг кейинги ҳамма фильмлари учун қўшиқлар айтган. Капур уни ўзининг омад тумори деб ҳисоблар, “Менинг исмим масхарабоз” фильмида куйламаганини эса муваффақиятсизлик сабаби деб ҳисобларди.

Фильм муваффақиятсизликка учрагач, унга деярли ҳамма пулини тиккан Раж Капур банкротлик ёқасига бориб қолган.

Риши фильмда 16 ёшида суратга тушган, бироқ фильм чиққанда у 18 ёшда бўлган.   

“Filmfare Awards”га фильм еттита номинацияда тақдим этилган, шундан 5та номинациясида ғолиб бўлган (энг яхши фильм, энг яхши режиссёр (Раж Капур), Энг яхши эркак қўшиқчи (Манна Дей), энг яхши мусиқа (Шанкар-Жайкишан), энг яхши операторлик иши (Радху Кармакар), энг яхши овоз (Оловиддин Хон Қурейши).

Фильм, шунингдек, учта номинация (энг яхши эркак қўшиқчи, энг яхши бола роли (Риши Капур), энг яхши операторлик иши) бўйича Миллий киномукофот билан тақдирланган.

 КОМИЛА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий