23.06.2021

"Эътироз"


Титрдаги “Аббос-Мустан” номлари муҳаббатнинг азоблари, шубҳаю изтироблари билан уйғунлашган детективни томоша қилиш мумкинлигини билдиради. Ҳаммаси ҳаётдагидек! Уларнинг янги воқеаси ҳам ҳаётий ҳодисаларга асосланган. Бу воқеа бейсболист Коб Брайаннинг ҳаётида юз берган. Аммо бу Голливуд фильмларидан кўчирма эмас.

 Фильмнинг шиори шундай: “Аёллар оламида уларнинг қоидалари бўйича ўйна, йўқса...”

Акшай Кумар Раж Малхотрани ўйнаган. У телеалоқалар саноатида омадли бизнесмендир. У ҳақиқий замонавий қаҳрамон: кўркам, бой, ақлли. Аммо унинг тақдири зулмат билан қопланган: ҳаммаси исботланмагунча, ҳеч кимни айблаб бўлмайди. Аммо шуниси қизиқки, унинг тақдирида айбсиз айбдор бўлиш ёзилган.

Карина Капур Прияни талқин қилган. У ишда ҳам, ҳаётда ҳам дўст тимсоли. Унинг муҳаббати ва ишончи Раж учун энг катта кўмак. Иродаси кучли Прия қандай роль ўйнашни билади. Севимли ёр ва рафиқа ролини ўйнашдан ташқари, у севгилиси учун нажот фариштасига айланади.

Приянка Чопра Сония Шармани ўйнаган. Мақсадига қандай эришишни ва эриша олишини биладиган соҳибжамол. Ҳар қандай йўл билан! Агар пул билан дунёни бошқариш мумкин бўлса, аёл дунёни фалаж қилиб қўйиши мумкин. Унингча, истагига қарши ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак.

Пареш Равал жаноб Пателни талқин қилган. Суд оқловчиси бўлмиш бу киши қанчалик синчков бўлса, шунчалик айёр ҳамдир. Мижозларининг ғалабаси — унинг мақсади. Омад — унинг доимий йўлдоши, аммо бу вазиятдан чиқиб кетиш унга насиб этадими?

Анну Капур адвокат Рам Чоитрани образини яратган. Ажойиб оқловчи ва изқувар бўлмиш бу киши чорасиз ҳолатга тушиб қолишини билмайди.

Амриш Пури Ранжит Ройни ўйнаган. Раж Малхотранинг хўжайини ва Сониянинг эри. Рафиқасидан анча катта, аммо унинг қаршисида ожиз.

Кибрли модель Сония Ранжитнинг хотини бўлса, Раж типик ҳинд қизига уйланган. Приянканинг роли салбий, у Ражни зўрлашдай жиноятни содир этганликда айблайди. Албатта, унинг номусига ҳеч ким тегмаган, аммо буни исботлаш керак. Раж аёллар олами деб аталган уммонга тушиб қолиб, чорасиз қийналади. Унга рафиқаси кўмакка келади...

Аввалига ёвуз аёл ролига Селина Жайтли таклиф этилганди, аммо кейин уни Приянка Чопрага алмаштиришди. Дарвоқе, Приянка бу фильмда қўшиқ ҳам куйлаган.

Ҳинд киноси томошабинлари аёлни тинч қўймайдиган эркак қаҳрамонларга ўрганиб қолганди. Бу сафар эса ҳаммаси аксинча. Фильмда эркак қурбон, аёл эса тажовузкор сифатида кўринади.

Янгилик истовчи мухлисларга “Aitraaz”нинг ёқиши аниқ. Бу фильм ҳам одатдаги муҳаббат афсоналаридек бошланади (Карина ва Акшайнинг илк саҳналари одатдагидек). Аммо экранда ва Акшайнинг ҳаётида Приянка пайдо бўлганда, диққатингизни жамлаб олинг. Биринчи қисмда Приянканинг ғазабга келиши сюжетда бурилиш ясайди. Иккинчи қисм эса икки томоннинг суд залидаги жанжаллари билан ўтади. Карина ва Приянканинг идорадаги саҳнаси ажойиб ижро этилган бўлиб, фильмнинг ўзгарувчан характерини белгилайди.

Сценарий мақташга арзигулик. Диалоглар, айниқса, суд залидагилар ажойиб. Аббос ва Мустаннинг режиссёрлик дуэти шу пайтгача қўл урилмаган мавзуни чиройли очиб бериши билан таҳсинга сазовор. Химеш Решаммиянинг мусиқаси қулоқларга хуш ёқади. Оператор Рави Ядавнинг иши ҳам усталарга хос.

Приянка Чопра фильмда ўз истеъдодини кўрсатди: томошабинларнинг нафратига эришди. У картинанинг финалида ўзини кўрсатиш имконини қўлдан чиқармади. Акшай Кумар ҳам экранда ўз қаҳрамонининг таъсирини маҳорат билан камайтира олган, негаки, бу аёллар воқеаси. Умуман олганда, актёрлар фильмда ўз ролларини моҳирона ижро этишган.

“Aitraaz”ни кўринг, афсусланмайсиз.

КОМИЛА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий