25.10.2016

Болливуд юлдузларининг янги лойиҳалари

Ажай Девганнинг катта лойиҳаси
Ажай Девган ўзининг “Shivay” деб номланган катта лойиҳаси билан банд. Фильмда ундан ташқари, Сайеша Сейгал, канадалик актёр Али Казми ва польшалик актриса Эри Кар суратга тушмоқда.
Продюсер-актёр фильмнинг бир нечта постерини мухлислар билан баҳам кўришга улгурди. Бу постерларда Девганнинг Болгариянинг қорли тоғларида юрганини кўриш мумкин.

Акшай Кумар — салбий ролда   
Суперюлдуз Акшай Кумар салбий ролларни камдан-кам ўйнайди, шу боисми, актёрнинг Жанубий Ҳиндистоннинг “Робот 2.0” фильмидаги образи, юмшоқ қилиб айтганда, ҳайратга солди. Чунки бу лойиҳада Акшай Кумар шунчаки ёвуз эмас, ғайритабиий хусусиятларга эга ёвуз қаҳрамон бўлади. Шов-шув бўлиб кетган бу фантастик жангари фильмнинг иккинчи қисмида бош ролни Ҳиндистон жанубида мегаюлдуз ҳисобланадиган Ражникант ўйнайди.

Шаҳид ва Саиф битта фильмда
Энг истеъдодли режиссёрлардан бири Вишал Бхардважнинг “Rangoon” фильмини кутаётган мухлислар кўп. Бхардважнинг аввалги фильми — “Хайдер” туфайли Шаҳид Капур нафақат томошабинлар, балки, танқидчиларнинг ҳам севимли актёрига айланди. Бу фильмда ҳам Шаҳид ўзгача образда намоён бўладиганга ўхшайди. Фильмда яна Саиф Али Хон ва Кангана Ранаутни ҳам кўриш мумкин.  

Севимли жуфтлик яна бирга
“Ошиқлар-2” фильмидан сўнг кўпчиликнинг севимли киножуфтлигига айланган Адитья Рой Капур ва Шраддха Капур Жанубий Ҳиндистоннинг “Яхши, азизам” (“Ok Jaanu”) фильмининг ҳиндий тилидаги талқинида бирга суратга тушишмоқда. Бу романтик мелодрамада тўйдан қочиб кетмоқчи бўлаётган ёш жуфтликнинг муносабатлари ҳақида ҳикоя қилинади.

“Пушти”
Амитабх Баччан, Кирти Кулкарни, Андреа Тарианг ва Тапси Панну ишчи номи “Пушти” (“PINK”) бўлган фильмда суратга тушишмоқда. Режиссёр Шужит Саркарнинг ижтимоий триллер жанридаги бу фильмида Баччан бир неча маст эркакнинг ҳужумига дуч келган уч нафар қўшни аёлни ҳимоя қиладиган адвокатни ўйнайди.  

“Яна ва яна қара”
Вақтлараро саёҳат ҳақидаги “Яна ва яна қара” (“Baar Baar Dekho”) фильмда Сидхарт Малхотра ва Катрина Каиф суратга тушди. Каран Жохар продюсерлик қилган фильмнинг “Kaala chashma” мусиқий клипи интернетда энг кўп кўрилган видеолардан бирига айланди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий