06.12.2016

Болливудда биографик фильмлар урф бўлди

Томошабин биографик фильмларни яхши кутиб олаётгани, кассада ҳам бундай фильмлар яхши натижа кўрсатаётгани, танқидчилар томонидан юқори баҳоланаётгани сабаблими, болливудда биографик фильмлар урф бўлди. Сўнгги йилларда томошабинлар “Азхар”, “Олигарх”, “Сарабжит”, “Манжхи”, “Бажи Рао ва Мастани”, “Ниржа” сингари фильмларни томоша қилди. Яна бир нечта биографик фильм суратга олинмоқда ва суратга олиниши режалаштирилмоқда.
 
Дипика Падукон қиролича Падмавати ролида
“Бажи Рао ва Мастани” фильми муваффақиятидан сўнг Санжай Лила Бхансали янги тарихий афсонани суратга олишга қарор қилди. Бу гал фильм жуда гўзаллиги билан машҳур бўлган Читторгарх қироличаси ҳақида ҳикоя қилади. Бош аёл қаҳрамонни Дипика Падукон гавдалантиради. Бош ролларда яна Ранвир Сингх ва Шаҳид Капурни кўриш мумкин.

Шраддха Капур Ҳасинага айланади
Режиссёр Апурва Лакхиянинг “Ҳасина — Мумбай қироличаси” (Haseena: The Queen of Mumbai”) бир неча марта тақдимот санаси билан боғлиқ муаммолар туфайли кейинга қолдирилди. Аввалига таниқли мафиози Довуд Иброҳимнинг синглиси ролига Сонакши Синха танланганди, лекин кейин унинг ўрнини Шраддха эгаллади. Довуднинг ролини Сиддант Капур ўйнайди. У лойиҳага тайёрланишни — жиноятчилар ҳақидаги фильмларни кўриб, шундай китобларни ўқишни бошлади. Октябрда бўладиган семинарлар ва воркшоплар актёрларнинг ролга киришиб кетишига ёрдам бериши керак.

Сушант Сингх Ражпут крикетчини гавдалантиради
Нираж Пандей машҳур крикетчи М. С. Дхони ҳақидаги биографик фильм устида икки йилдан кўпроқ ишлади. 30 сентябрда ниҳоят кинокартина киноижарага чиқарилди. Трейлер томошабинларга жуда қаттиқ таъсир қилди, шунинг учун лойиҳа ҳақидаги шов-шувлар борган сари авж олмоқда. Дхони ролига Сушант Сингх Ражпут, собиқ севгилиси ва рафиқаси роллари эса Диша Патани ва Кьяра Адванига насиб қилди.  

Сачин Тендулькар ўзини ўзини ўйнайди
Режиссёр Жеймс Эрскиннинг “Сачин: Миллиард орзу” (“Sachin: A Billion Dreams”) биографик фильмида ҳиндистонлик моҳир ва машҳур крикетчи Сачин Тендулькарнинг шахсий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмда кўрсатиладиган тафсилотлардан ҳатто мухлисларнинг ҳам хабари йўқ. Қаҳрамонларни актёрлар гавдалантирадиган бошқа биографик фильмлардан фарқли равишда, бу кинокартинада Сачин Тендулькар ўзини ўзи ўйнайди, унинг ёшликдаги қаҳрамонини эса ўз ўғли Аржун гавдалантиради. Маюреш Премга машҳур крикетчининг укаси роли насиб қилди. Фильм 2016 йилнинг майида экранга чиқиши керак эди, аммо тақдимот 2017 йилнинг 14 апрелига (2017 йил 8 апрелдан 27 майгача Ҳиндистонда крикет бўйича Ҳинд Премьер Лигаси чемпионати ўтади) кўчирилди.       

Амир Хон Санжай Даттнинг отаси ролида!
Ражкур Хиранининг кейинги режиссёрлик лойиҳаси Санжай Даттнинг баҳсли, бироқ, шубҳасиз, қизиқарли ҳаётига асосланган. Хабарларга ишонадиган бўлсак, Санжай ролига Ранбир Капур тасдиқланди, отаси ролига эса Амир Хон танланди. Қизиқ, томошабин Амирни Ранбирнинг отаси ролида қандай қабул қилади? Амир-чи? Бу ролга рози бўлармикин? Буни вақт кўрсатади, албатта.   

Кангана Ранаут жангчи аёлни гавдалантиради
Кетан Мехтанинг бўлажак тарихий драмасида Кангана Ранаут жангчи аёл Рани Лакшми Байни ўйнайди. Лакшми Бай — Ҳиндистоннинг миллий қаҳрамони, Жханси юртининг маликаси, ҳиндларнинг инглизлар зулмига нисбатан қаршилиги рамзи. Баъзи маълумотларга ишонадиган бўлсак, фильмда бош қаҳрамонлардан бирини машҳур Голливуд актёри Хью Грант ўйнайди.

Приянка Чопра астронавтга айланади
Ҳали тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Приянка Чопрага астронавт Калпана Чавла ҳақидаги биографик фильмдан роль таклиф қилишди. Калпана Чавла — келиб чиқиши ҳинд бўлган АҚШлик биринчи аёл-астронавт. 2003 йил 1 февралда Калпана 16 суткалик парвоздан сўнг Ерга қайтаётган “Колумбия” шаттли ҳалокатида ҳалок бўлди.   

КОМИЛА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий