12.05.2017

“Сержило муҳаббат”



Айни кунларда “Тараққиёт” телеканалида намойиш этилаётган ҳинд ижодкорларининг “Сержило муҳаббат” (ҳиндча номи – “Kuch Rang Pyar Ke Aise Bhi”) телесериалининг премьераси 2016 йил 29 февралда Ҳиндистоннинг “Sony TV”  ва “Sony TV Asia” телеканалида бўлди.
Сериални суратга олиш ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда ва ҳинд телевидениесида намойиш этилмоқда.
“Сержило муҳаббат” сериалида бош ролларни Шоҳир Шейх (Дев), Эрика Фернандес (Сонакши) ва Суприя Пилгаонкар (Ишвари) ўйнаган. Шунингдек, Алия Шоҳ, Анжу Жадхав, Прерна Панвар, Мун Банержи, Жагат Рават, Алка Могха сингари актёрлар гуруҳи етакчи ролларни ижро этишган. Сериал режиссёри – Пратик Шоҳ. Сценарийни Маҳеш Пандей ва Викрам Кхурана ёзган. Бастакорлар – Субҳажит Мукхержи ва Арпита Мукхержи.
Телесериалда бир-бирига умуман ўхшамайдиган икки инсон – болалиги фақирликда ўтган, аммо ўз меҳнати ва иқтидори билан давлат орттирган Дев ҳамда ўртаҳол оиладан чиққан, ҳаётини фақат илм олишга бағишлаган, мустақил ва ўзига ишонган Сонакшининг севги қиссаси тасвирланади. Улар сериал аввалида бир-бирлари билан умуман чиқиша олишмайди, бироқ кейин дўстга айланишади, дўстлик эса, табиийки, севгига. Бироқ қаҳрамонлар буни дарров англашмайди. Бир умр чин муҳаббатини кутиб яшаган Сонакши дилидагини Девга айтолмайди, Дев эса дўстлик важидан унга боғланиб, севиб қолганини тушунмайди.
Сериалнинг асосий мавзуси Дев ва Сонакшининг севги қиссаси бўлса-да, воқеалар ривожи давомида бу муҳаббат Девнинг онаси билан муносабатларга қандай таъсир кўрсатиши ҳам тасвирланади. Зеро, Дев учун севиб қолгунга қадар ҳаётда фақат бир инсон – онаси энг азиз, энг улуғ инсон бўлган.
“Сержило муҳаббат” тамилчада “Ini Ellam Vasanthame” деган ном билан “Polimer TV”да намойиш этилди. Индонезияда Шоҳир Шейх машҳур бўлгани боис, сериал “Cinta Perlahan Tumbuh” деган ном билан “ANTV”да ҳам эфирга узатилди. Шу кунга қадар ҳинд телевидениесида сериалнинг 305та қисми намойиш этилди.
Сериал томошабинларнинг ҳам, танқидчиларнинг ҳам олқишига сазовор бўлди. Шейхнинг иқтидори, Эрика Фернандес билан экранда чиройли жуфтлик ярата олгани ҳақида илиқ гаплар айтилди. 2016 йилнинг охирида “Сержило муҳаббат” эфирдан тушиб, ўрнига Бажирао ҳақидаги тарихий драма намойиш этилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аммо телеканал бу хабарни рад этди: “Сержило муҳаббат – бизнинг энг яхши сериалларимиздан бири. Рейтинги яхши, мухлислари ҳам содиқ. Одамлар қаҳрамонларни яхши кўришади”.
2017 йилнинг январида, Дев ва Сонакши сериалда айрилганидан сўнг, воқеалар ривожида етти йиллик фарқ сезилди. Дев фақат ўзини ўйлайдиган инсон сифатида кўрсатилди, Сонакши эса тадбиркор аёл ва ёлғиз онага айланди.
2017 йил март ойида TOI “Твиттер”да ўтказган сўров натижаларига кўра, “Сержило муҳаббат” ҳинд телевидениесидаги энг оммалашган сериал бўлди.
Сериалнинг сценарий муаллифларидан бири, Рагхувир Шекхават шундай дейди: “Биз ўртаҳол синфга мансуб оддий оиладаги муносабатларни кўрсатамиз. Бизнинг ҳикоямиз иккита сюжет чизиғига асосланган. Биринчиси – бу Дев ва Сонакши ўртасидаги муҳаббат, иккинчиси – янги жуфтликни, айниқса, келинни қандай қабул қилишлари, шунингдек, келин янги оилани қандай қабул қилиши. Биз Ҳиндистонда ришта шунчаки икки шахс эмас, балки, шу билан бирга икки оила ўртасида боғланишини эътиборга олишимиз керак эди. Сериалда айни пайтда шу нозик муносабат тасвирланяпти ва биз бу ҳақда илиқ гаплар эшитяпмиз. 35 ёшдан катта аёллар ўзларини бизнинг ҳикоямиз билан таққослашаётгани бизни руҳлантирмоқда. Бизнинг асосий томошабинларимиз ёшлар бўлишига қарамай, Ишварини салбий қиёфада кўрсатишга мойил эмасмиз. Бу қайнана-келин муносабатлари акс этган оддий мелодраматик сериал эмас”.  
 “Сержило муҳаббат” сериалидаги ижроси учун бош роль ижрочиси Шоҳир Шейх 2016 йилда “Йил юлдузи” номинациясида “Asiavision Awards” билан тақдирланди. “Йилнинг энг яхши жуфтлиги” сифатида Эрика Фернандес ва Шоҳир Шейх “India News Awards” мукофотини олди. 2017 йилда “Машҳур жуфтлик” номинациясида Шоҳир Шейх ва Эрика Фернандес, “Энг яхши машҳур актёр” номинациясида Муштоқ Хон, “Энг яхши машҳур актриса” номинациясида Суприя Пилгаонкар “Lions Gold Awards” мукофоти билан тақдирланди.

КОМИЛА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий