Бир ойча аввал шу фильмни кўрдим. Кўришни режалаштирган фильмларим анчагина бўлса-да, аввал “Пиху”ни кўришга қарор қилдим. Биринчидан, фильм реал воқеаларга асосланган (2014 йилда Ҳиндистон Мустақиллиги кунида тўрт ёшли қиз узоқ вақт ёлғиз қолиб кетган), бундай кинокартиналар эса кўпинча қизиқ ва эътиборни тортади. Иккинчидан, унда икки ёшли қизчанинг катта хонадонда бир ўзи (онасининг мурдасини ҳисобга олмаганда) қолиб кетиши ҳақида ҳикоя қилинади.
Бошқа ҳинд фильмларига қиёсан олганда, “Пиху” у қадар узун эмас, қўшиқ ва рақслардан холи. Воқеалар битта жойда – уйда юз беради.
“Пиху”да бош ролни ўйнаган қизчанинг асл исми ҳам Пиху, онасининг ролини ўз онаси ўйнаган. Фильм ҳаққоний чиқиши, қизча бегонасирамаслиги учун ҳам шундай танлов қилинган.
Бутун фильм давомида томошабин қизчага зиён-заҳмат етишидан, бирон нохуш ҳодиса содир бўлишидан чўчиб туради, асабийлашади. Хонадонда кичкина бола учун қанча хавфли буюмлар, вазиятлар мавжуд ахир! Унинг бундай хатарли вазиятда қолиб кетишига энг аввало ота-онаси жавобгар! Фильмда онанинг ўз жонига қасд қилиб, боласини ёлғиз ташлаб кетишига айнан нима сабаб бўлгани аниқ кўрсатилмайди. Балки, унинг жонидан тўйишига арзирли сабаб ҳам бордир. Лекин онанинг ўз фарзандини мана шундай ташлаб кетишини ҳеч қандай арзирли сабаб оқлолмайди! Мен учун шундай.
Комментариев нет:
Отправить комментарий