Амир Хон билан “Қасос” фильмида суратга тушгандан сўнг Асинга Болливуддан таклифлар кўпайди. Бунгача эса актриса жануб юлдузи саналар ва тамиль ҳамда малаялам тилидаги қатор хит фильмларда ўйнаганди.
Асиннинг дебют фильми режиссёр Сатхяьан Антхиккаднинг малаялам тилидаги “Narendra Makan Jayakanthan Vaka” (2001) картинаси саналади, аммо у илк бор муваффақият нималигини 2003 йилда яратилган “Amma Nanna O Tamila Ammay” фильмидан сўнг ҳис қилди ва бу роли учун “Телугу фильмлардаги энг яхши актриса” номинациясида “Filmfare” билан мукофотланди.
Қатор фильмларда суратга тушган Асин 2005 йилда тамиль тилидаги “Қасос” (“Ghajini”) фильмидаги ижроси учун “Энг яхши актриса” сифатида Жануб киноси “Filmfare” мукофотини қўлга киритди. 2008 йилда Болливудда ушбу триллернинг ҳинди тилидаги варианти экранга чиқарилди. Бу фильмда бош ролларни Асин ва Амир Хон ўйнади. Актриса “Энг яхши дебютант актриса” номинациясида Болливуддаги “Filmfare” мукофотини олишга муваффақ бўлди.
Асин 1985 йил 26 октябрда Кочида туғилган. Унинг отаси Жозеф Тхоттумкал бизнесмен бўлиб, айни пайтда қизининг менеджери сифатида ишлаяпти. Онаси Селин Тхоттумкал эса — жарроҳ. Асиннинг айтишича, унинг исми санскрит тилидан олинган бўлиб, “тоза ва ғуборсиз” деган маънони англатади.
Асин мактабни битиргач, Муқаддас Тереза коллежида ўқиган. Инглиз адабиёти бўйича бакалаврлик дипломига эга. Маълум вақт отасига бизнес ишларида ёрдам берган (дастурий таъминот, мебель, антиквариат савдоси), 15 ёшидан эса реклама фаолияти (Colgate Toothpaste, Fairever Cream) билан шуғулланган.
Маълумотларга ишонадиган бўлсак, оила аъзолари Асиннинг фан билан шуғулланади ва давлат ишида ишлайди, деб ўйлашган, шу боис у гуманитар фанларни танлаганда, ҳайрон бўлишган. Асин кейин Кочидаги Муқаддас Тереза коллежида инглиз адабиёти бўйича санъат бакалаври даражасини олди.
Асин илк ролини 15 ёшида ўйнаган. Ҳиндистон жанубидаги қатор фильмларда ўйнаб, танилган актриса учун “Қасос” Болливуддаги илк қадам бўлди. Бу фильмда Асин Калпана исмли меҳрибон, орзуларга берилган, тиришқоқ модель қиз образини жонлантирди. Танқидчилар ва журналистлар унинг ижросига юқори баҳо беришди. Томошабинлар ҳам Болливудда шундай чеҳра пайдо бўлганидан мамнун эди. Таниқли танқидчи Таран Адарш Асиннинг Болливуддаги дебютини “бетакрор” деб баҳолаб, ҳатто Амир Хоннинг ёнида ҳам ўзига хослигини йўқотмаганини қайд этди. “У навниҳолдек нозик ва жозибали кўринади, ўз ролини қойиллатиб ўйнаган”, деб мақтади.
Шундан сўнг Асин Випул Шаҳнинг “Лондон орзулари” (“London Dreams”) фильмида Салмон Хон ва Ажай Девган билан суратга тушди.
Юлдузларнинг ҳаётида учраб турганидек, Асинни ҳам ёқтирмайдиганлар бор. Айниқса, журналистлар орасида. Улардан бири тарқатган миш-мишга ишонадиган бўлсак, Асин Парижда бўлган пайтида суратга тушиш ишлари давомида режиссёр Випул Шаҳдан 200 минг рупийга туфли сотиб олиб беришни талаб қилган. Бошқаси эса Салмон Хон унга Мумбайдаги хонадонини сотиб олишга ёрдам берганини уқтирган.
Асин билан ишлаш Салмонга манзур бўлди, шекилли, унга тамиль тилидаги “Kavalan” фильмининг ҳинди тилидаги вариантида бирга суратга тушишни таклиф қилди. Лекин актриса бу таклифни рад этди. Чунки у бошқа юлдузлар билан ҳам ишлаб кўрмоқчи. “Лондон орзулари”дан сўнг Асин Салмон билан Анис Базмининг “Тайёр” (“Ready”) фильмида суратга тушган эди. Агар у бу таклифни қабул қилганида, лойиҳа уларнинг ҳамкорликдаги учинчи иши бўларди. Асин рад этган фильмлари ҳақида гапиришни истамайди. “Қилмаган ишим ҳақида гапириш нотўғри. Мен яқиндагина “Kavalan”да ишладим. Режиссёр Сиддиқ худди шу фильмни малаялам тилида яратганида, мен суратга тушолмагандим. Шунинг учун тамиль тилидаги вариантида ишлашга ваъда бергандим, ваъдамни бажардим”, — дейди актриса.
Асинга яқин кишилардан бирининг айтишича, унинг бу фильмни рад этишига иккита сабаб бор: “Қасос”дан сўнг (актриса бу фильмнинг телугу ва ҳиндий тилидаги вариантларида суратга тушган) яна битта римейкда ишлаш — зерикарли. Бундан ташқари, Салмон билан учта фильмда бирга ишлашни Болливудда нотўғри тушунишлари мумкин. Асин бошқа юлдузлар билан ҳам ишлаш ниятида”. Унинг айтишича, Салмон Хон Асиннинг қарорини хотиржам қабул қилса-да, у ҳамон Болливуд саноати билан яхши таниш эмас деган фикрда.
“Ҳар ким ҳам нотўғри қарор қабул қилади, охир-оқибатда хит даражасига етадиган фильмлардаги ролларни рад этади. Мен ҳеч нимадан афсусланмайман. Мен ўзимнинг ишимга эътибор қаратишни истардим”, — дейди Асин.
Асин 2015 йилда “Ҳаммаси яхши” кинокомедиясида суратга тушди.
2016 йилда актриса тадбиркор Рахул Шармага турмушга чиқди ва эътиборини оилага қаратиш ниятида кинони тарк этмоқчилигини билдирди. 2017 йилнинг октябрида оилада қизалоқ дунёга келди.
Сўнгги пайтларда Асиннинг турмуш ўртоғи билан ажрашаётгани ҳақида хабарлар тарқаган.
Актриса ҳақида
Бўйи: 163 см
Она тили: малаялам
Расмий сайти : www.asinonline.com
“Қасос” фильми учун гонорари: 15 миллион рупий
Актрисанинг фильмографиясида малаялам, тамиль ва телугу тилида 17 та фильм бор. Бу учта тилда бемалол гапира олади, шунингдек, ҳиндий, санскрит, инглизча ва француз тилини ҳам билади. Асиннинг ҳатто французчада блоги ҳам бор.
КОМИЛА тайёрлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий