16.11.2019

Афсус чекишга мажбур қилган роллар

Ҳар бир машҳур актёр ёки актрисанинг фаолиятида афсус чекишга мажбур қилган роллар бор. Киносаноатнинг Шаҳид Капур сингари вакиллари бу ҳақда чиройли гапиради: “Ҳа, айрим ролларимдан жуда афсусдаман, лекин ҳеч қачон аниқ бир фильм номини айтмайман, чунки бу ижодкорларга нисбатан инсофсизлик бўлади”. Балки, у “Омад тумори” ёки “Бизнинг севги қиссаларимиз” фильмларини назарда тутаётгандир. Баъзи актёрлар эса, Саиф Али Хонга ўхшаганлар маълум бир лойиҳани ҳаётидаги энг катта хато бўлганини ҳаммага очиқ айтади.
Катрина Каиф
“Бум” (“Boom”, 2003)
Катрина муваффақиятсизликка учраган “Бум” фильмида Рина Каифни ўйнаган. Актриса бу қароридан қаттиқ афсус чекиб, дебют учун “нотўғри” фильм танлаганини тан олади. Фильмдаги очиқ саҳнадан ҳам хижолат чекади. Ўзининг айтишича, Катрина шартнома имзолаётганда, ҳинд маданияти ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмаган, агарда билганда, ҳеч қандай бундай фильмга шартнома имзоламас эди.

Саиф Али Хон
“Қиёфадошлар” (“Humshakals”, 2013)
Саиф очиқ интервьюда “Қиёфадошлар” фильмидаги ролга рози бўлиб, хатога йўл қўйганини тан олди. Бироқ фильмда суратга тушган юлдузлар орасида афсус чеккан фақат у эмас. Бипаша Басу бу лойиҳани тарғиб қилишдан умуман воз кечди.

Соха Али Хон
“Дил кўпроқ нарса истайди” (“Dil Maange More”, 2004)
Соха “Дил кўпроқ нарса истайди” фильмида Нехани ўйнаганидан қаттиқ афсусда. У дебют сифатида нима учун ҳалигача яна икки актриса (Айеша Такиа ва Тулип Жоши) бош ролда суратга тушган бу фильмни танлаганини тушунмайди. Айтишича, бу жуда ёмон қарор бўлган. 

Шоҳруҳ Хон
“Ра.Ван: ўйин ҳали тугамади” (“Ra.One”, 2011)
“Ра.Ван” фильмида Жи.Ванни ўйнаган Болливуд қироли кинокартина экранга чиққанидаёқ фильм яхшироқ чиқишини хоҳлаганини тан олди. Тўғрироғи, мен бундан яхшироқ қила олардим, деди актёр.

Риши ва Ниту Капур
“Бешарм” (“Besharam, 2013)
Ранбир Капурнинг ота-онаси — “Бешарм” фильмида полициячиларни ўйнаган Риши ва Ниту Капур бу фильмда суратга тушиш нотўғри қарор бўлган деган фикрда. Улар фильм кўнгилочар фильм бўлади деб ўйлашганди, бироқ лойиҳа муваффақиятсизликка учради.

Ражниш Дуггал
“Учқун” (“Spark”, 2014)
“Учқун” фильмида Аржунни ўйнаган Ражниш Дуггалнинг лойиҳадан ҳафсаласи пир бўлди. Айтишича, у ўқиган сценарий якунида тақдим этилган сценарийдан фарқ қилган. Шундан сўнг актёр ўзини алданган ҳис қила бошлаган.

Улар ҳам ўз қароридан афсусланган:
* Фархан Ахтар “Мақсад” (“Lakshya”) фильмини суратга олганидан афсусланган, ҳатто интервьюларидан бирида фильм чиққанидан сўнг тушкунликка тушганини тан олган.
* Говинда “Дилга отилган ўқ” (“Kill Dil”) ва “Бахтли якун” (“Happy Ending”) фильмларида ўйнаганидан афсусда. Актёр келажакда роль танлашда мулоҳазалироқ бўлишга ваъда берди.
* Ажай Девган “Фирибгарлар” (“Golmaal”) фильмида суратга тушганидан афсусдалигини, умуман, фильмни одобдан ташқари деб билишини тан олади.
* Абхай Деол “Аиша” (“Aisha”)да суратга тушганидан хурсанд эмас, чунки, унинг фикрича, фильм мазмунига эмас, актёрлар ташқи қиёфасига жуда кўп эътибор берилган.
* Амир Хон ўзининг “Машъум байрам” (“Mela”) ва “Беқарор қалб” (“Mann”) фильмларини ёқтирмайди.

КОМИЛА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий