02.02.2020

Ҳинд фильмлари қаерда суратга олинади?

Болливудда ҳар йили саккиз юздан ортиқ фильм суратга олинади. Бу ҳинд фильмларининг ҳаммаси эмас. Яна Толливуд (Болливуддан фарқли равишда, ҳиндий эмас, телугу тилидаги фильмларни чиқаради) ва Колливуд (тамиль тилидаги фильмлар) бор. 


Кинокартиналарни фақатгина Ҳиндистоннинг барча штатларида эмас, Лондон, Цюрих, Маврикий ва бошқа кўп жойларда суратга олишади. Шу билан бирга киностудияларда ҳам. Бу киностудиялар шунчалар яхши жиҳозланганки, томошабин қаҳрамонлар сунъий кўл бўйида диллашяптими ёки сунъий кўлми, ҳақиқий аэропортда турибдими ёки сунъий аэропортдами, фарқлай олишмайди.
Болливуднинг энг йирик киностудияларидан бири – Мумбайдаги “Film City”. Бу ерда боғлар ҳам, кўллар ҳам, театрлар ҳам топилади... Бу киностудия ҳудудида фақат фильмлар эмас, балки, сериаллар, шоулар, теледастурларни суратга олиш учун 16та студия мавжуд.
“Ramojl Film City” киностудияси дунёдаги энг йирик суратга олиш мажмуаси сифатида Гиннесснинг Рекордлар китобига киритилган. Бу аэропорт ва касалхоналар, черков ва масжидларнинг ҳақиқийдан сира фарқ қилмайдиган нусхалари, сунъий шаршарлари мавжуд бўлган шаҳар. Ҳар йили бу ерга миллиондан зиёд сайёҳлар ташриф буюради. Ҳиндистонга бориш имконини тополмаётганлар эса, “Қочоқ аёл” (“Lajja”, 2001), Шоҳруҳ Хон иштирокидаги “Ра.Ван” (“Ra.One”, 2008), (“Севишган қалблар” (“Dilwale”, 2015) фильмларини кўриб, у билан ғойибона танишишлари мумкин.

Пурана-Кила қалъаси
XVI асрда бунёд этилган, деворларининг узунлиги 1,5 километр, баландлиги эса 18 метрга етадиган улуғвор иншоот. Бу ерга кўплаб сайёҳлар ташриф буюради. Омади борлар фақат иншоотни томоша қилиб қолмай, кадрга тушиб қолиши ҳам мумкин. “Тану ва Манунинг тўйи-2” (“Tanu Weds Manu. Returns” фильмидаги саҳнани айнан шу ерда, қалъанинг қайиқ станциясида суратга олишган. Саҳна оммавий эди, шунинг учун сайёҳлар орасидан кимдир ўзини кадрда кўриб қолши мумкин.

Деҳлидаги Коннот-Плейс тумани
Режиссёрлар Нью-Деҳлининг қоқ марказидаги бу ишбилармонлар ва савдо туманидан ўз филмьлари учун мусиқий клиплар олишда кўп фойдаланишади. Гавжум кўчалар, ўзига хос меъморчилик – бепул ажойиб декорация дегани. Режиссёр Вашу Бхагнани ўзининг “Менга бирон нима де” (“Mujhe
Kucch Kehna Hai”) фильмидаги “Pyaar Re Dil Maange Pyaar Re” қўшиғига клип суратга олиш учун айнан шу туманни танлаган.  

Дудхсагар шаршараси
Гоадаги энг манзарали жойлардан бири. Шаршаранинг “dudhsagar” (ҳиндийдан таржима қилганда – “сутли денгиз”) деган номи сув оқимининг ранги ёки уни ўраб турган оқ туманга боғлиқ дейишади. Бу ҳақда чиройли афсона ҳам мавжуд. Айтишларича, соҳибжамол малика сепиб юборган сут Дудхсагарга айланган. Чўмилгандан сўнг кийимсиз малика бегона кўзлардан яшириниш учун ичимликни атрофга сепиб юборган экан.
Бу шаршара олдида Шоҳруҳ Хон ва Дипика Падукон иштирокидаги “Чиннай экспресси” (“Chennai Express”)нинг энг романтик саҳналаридан бири суратга олинган. Теварак-атрофнинг гўзаллиги бу саҳнани янада таъсирли қилган.

КОМИЛА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий