“Учувчи Гунжан Саксена”
Шридевининг қизи Жанви Капур кинода фаолиятини бошлаганига бир неча йил
бўлди, аммо ҳали унинг ижросини кўрмагандим. Бир неча кун олдин Жанви бош ролни
ўйнаган “Учувчи Гунжан Саксена” биографик фильмини кўрдим. Фильм жанрига мос
тарзда реал воқеаларга асосланган. Асосий мавзу – ҳинд киносида сўнгги
пайтларда катта эътибор берилаётган аёлларнинг жамиятдаги ўрни, ўз орзусини
рўёбга чиқариш учун собитқадамлик билан интилиши ва ҳар қандай соҳада
эркаклардан қолишмайдиган даражада фаолият олиб бора олиши.
Тан олиш керакки, Жанвида истеъдод бор: Гунжан Саксена ролини яхши
ўйнаган. Бунинг устига, фильм унинг қаҳрамони ҳаёти ва фаолияти ҳақида.
Фильмда ортиқча рақслар, ишқий саҳналар, умуман, эркак ва аёл
ўртасидаги муҳаббат мавзуси йўқ (ҳинд киносида кам учрайдиган ҳодиса). Аммо
томошабин фильмни томоша қилиш давомида зерикиб қолмайди. Воқеалар сунъий
равишда чўзилмаган.
Гунжан Саксенанинг ўз орзусига етиши – учувчи бўлишида отасининг ўрни
ва ҳиссаси жуда катта! Айнан у қизини аёл ҳам учувчи бўлишни орзу қилиши ва
бўла олиши, эркаклар устунлик қиладиган жамиятда аёлнинг ҳам ўз ўрнини топа
олиши мумкинлигини уқтиради. Қизи ноҳақликка чидолмай, ортга қадам қўймоқчи
бўлганда, айнан у яна олға қадам ташлашга ундайди. Бундай отаси бор қизлар
албатта орзуларини рўёбга чиқарадилар, ҳаётда ва жамиятда ўз ўрниларига эга
бўладилар.
“Учувчи Гунжан Саксена” – кўришга арзирли ва ҳар бир аёлу эркак кўриб,
ўзига яраша хулоса чиқарадиган фильм.
Комментариев нет:
Отправить комментарий