Таапси Панну актриса сифатида мени қойил қолдиряпти. Ижроси табиий, камера қаршисида ўзини эркин тутади у. Қаҳрамонларини ҳис қилаётганга ўхшайди.
Ижтимоий тармоқларда бу фильм ҳақида баъзи фикрларни ўқигандим, шунинг учун ҳам кўриш истаги туғилди.
Фильм, унинг ғояси ҳақида ҳамма ҳар хил фикр билдириши мумкин. Таапсининг қаҳрамони тутган йўлни, унинг қарорини атрофидагиларнинг кўпчилиги, ҳатто ўз яқинлари ҳам маъқулламайди. Укаси очиқдан-очиқ қарши чиқади, онаси ҳам “аёл сабр қилиши керак”, дейди. Эр эса ҳатто хотинига тарсаки туширгани учун узр сўрашни-да лозим кўрмайди, жаҳл устида қилгани қилмишини оқлайди деб ҳисоблайди. Ўзига нисбатан нотўғри, адолатсиз ҳаракат – битта тарсаки туфайли эридан кўнгли қолган Амрита энди у билан бирга яшолмайди, ҳатто ҳомиладорлиги ҳам уни қароридан қайтаролмайди. У ўзини бахтли кўрсатиб яшашни – сохта турмуш кечиришни истамайди.
Охир-оқибат Амританинг биргина тарсаки туфайли эри билан ажрашишини қоралаганлар, унга қарши чиққанлар, эътироз билдирганлар аёлнинг ҳақлигини, эрнинг бундай адолатсизлик қилишга ҳақи йўқлигини тан олишади. Амританинг қарори бошқа бир қанча аёлларнинг ҳам ҳаётини ўзгартиради.
Комментариев нет:
Отправить комментарий