11.04.2023

“Мени фақат рафиқам тушунади”


“Муҳаббат тафти” (“Iss Pyaar Ko Kya Naam Doon?”) сериалида Арнав Сингх Райзада ролини ўйнаган Барун Собти Ҳиндистон телевидениесининг машҳур актёрларидан бири бўлиб, ҳозирда Болливудда ҳам ўз ўрнини эгаллашга ҳаракат қилмоқда.

Модель ва актёр Барун Собти 1984 йил 21 августда Деҳли шаҳрида панжобликлар оиласида туғилди. Авлиё Марк мактабида ўқиди. Етти йил “Jindal Telecom” компаниясида менежер бўлиб ишлади. Телевидениеда илк бор “Star Plus” телеканалининг “Шраддха” (“Shraddha”) сериалида суратга тушди “Sony TV” телеканалининг “Baat Hamari Paaki Hai” сериалидаги Шраван Жайшвал роли билан танилган. “Муҳаббат тафти”даги Арнав роли эса Барунни машҳур қилди. 

Барун Собти — “Муҳаббат тафти”даги Арнав роли учун тўрт карра “Star Parivaar Awards” мукофоти билан тақдирланган ягона ҳинд актёри.

Барун учта тилни билади: инглиз, ҳиндий, панжобча. Суратга тушишдан бўш вақтларидан спорт — футбол ва крикет билан шуғулланади, баскетболга қизиқади. Шунингдек, оиласи билан бирга бўлишни, дўстлари билан учрашишни, телевизор қаршисида дам олишни ёқтиради.

Барун Пашмин Манчандага уйланди. Барун уни болалигидан бери билади. Пашминнинг кинога алоқаси йўқ, халқаро компанияда ишлайди.

Барун Собти ITA (Indian Television Academy)даги ғалабаси ва “Star Parivaar Awards-2012”даги кўплаб мукофотлардан сўнг “Муҳаббат тафти” сериалидан кетишга қарор қилди. Аммо нима учун? Балки, бунинг сабаби ижодий келишмовчиликлардир? “Мен дам олишни истаганим учун сериални тарк этдим. Ишонинг, охирги икки йил оиламни деярли кўрганим йўқ. Сўнгги пайтларда эса яқинларим билан кўпроқ вақтимни бирга ўтказяпман. Шунчаки танаффус қилмоқчиман. Саноатчилар билан муносабатим жуда яхши, аммо мени тўғри тушунинг — мен узоқ вақт дам олишсиз ишладим”. 


Баруннинг бу қарорини кўп сонли мухлислар, ҳатто дўстлари ҳам маъқулламади. “Бир қанча дўстларимни учратганимда, уларнинг ҳаммаси шу янгиликни муҳокама қилиб, бир гапни гапиришди. Уларнинг ҳеч бири мен нимани истаётганимни билмаслигини англадим. Ҳар гал тушунтиришга уринганимда, улар сўзларимни нотўғри тушунишарди. Мен шунчаки ўзимга вақтим қолишини хоҳлаётганимни гапирардим, чунки чиндан ҳам узоқ вақт ишлаб, чарчагандим. Сериалдан кетишимнинг ягона сабаби шу эди. Беш ойга ишдан озод бўлдим, лекин одамлар ҳалигача мени фильмда суратга тушиш учун кетди деб ўйлашади. Мени фақат хотиним тушунади”.

Барун Собти “Муҳаббат тафти”ни тарк этгач, сериал ижодкорлари бу вазиятдан чиқиб кетиш учун сюжет бўйича унинг қаҳрамонини ўғирлаш орқали йўл топишди. Кейинроқ Арнав лойиҳага қайтди, аммо ролни Барун эмас, актёр Вираф Фироз ўйнади.

Барун Собти сериални тарк этганидан эмас, қарорини кўпчилик тушунмаганидан хафа бўлди. “Мен ҳеч кимдан ҳеч нима кутмайман. Мен оддий йигитман, аммо ҳамма ҳаракатларимни аслидагидан бошқача қабул қилишади. Ўзимни оқламоқчи эмасман, бундан чарчадим. Ҳаммаси қандай бўлиши керак бўлса, шундай кетаверсин. Ҳозир анча тинчланиб олдим. Чин юракдан фақат бир гапни айтишим мумкин: муҳаббат ва далда учун томошабинларга раҳмат! Уларга миннатдорчилигимни билдириш учун сўз тополмайман”.

Барун Собти сериалдан кетгач, Болливудда суратга тушишни бошлаб, “Мен ва жаноб Тўғри (Мукаммаллик)”, “22 ярд”, “Қуруқ орзулар” каби фильмларда суратга тушди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий