Рани Мукержи бош ролни ўйнаган бу фильм постерлари, тарғибот давомидаги суратлар диққатни тортгач, қолаверса, Рани иштирокидаги сўнгги фильмлар ижтимоий муаммоларни акс эттиргани боис, бу фильмни кўришга қарор қилдим. Очиғи, Интернет орқали кўрилган фильм сифати яхши эмас, экрандан ёзилган, овоз шовқин билан эшитилади, тасвирлар хира. Аммо фильм мавзуси ва актёрларнинг ижроси бу камчиликлардан кўз юмишга ундади.
Фильмда Ҳиндистондан Норвегияга кетган муҳожир оиланинг фарзандларини тарбиялашда дуч келган муаммоси кўтарилган. Буни қарангки, васийлик ижтимоий хизмати икки ёш боласи бор эр-хотинни ўз фарзандларини муносиб парваришлай олмаслик ва тарбия қилолмаслик важи билан болалардан айиради. Уларнинг бунга рўкач қилган сабаби арзимас ва мантиқсиз: онанинг болага қўлда овқат едириши, эрнинг уй ишларида хотинига қарашмаслиги. 10 ҳафта давомида Чаттержилар уйида шароитни кузатган ижтимоий хизмат ходималари болаларни ота-онасидан айириб, асраб оладиган оилага топширишни маъқул деб топишади. Кенжаси беш ойли чақалоқ бўлган онанинг бундай ҳолатдаги аҳволини тасаввур қилинг! Унинг бундай қарорга қарши чиқиши, исён қилиши, фарзандларини қайтариш учун қўлидан келган ва келмаган ҳамма ишга тайёр бўлиши табиий. Чаттержи хонимнинг ҳар бир ҳаракати замирида болаларига бўлган меҳри, улар билан бирга бўлиш истаги ётади.
Дебиканинг атрофидагилар, хорижликларни-ку қўя турайлик, ҳатто ўз эрининг ҳам пул учун болаларни онасидан ажратишга тайёрлиги кишида нафрат уйғотади. Томошабин фильмни томоша қиларкан, Дебика Чаттержининг фарзандлари учун ҳар қандай ҳолатда ҳам курашишини оқлаши шубҳасиз. Қувонарлиси шуки, она ниҳоят ўз фарзандларига оналик қилиш, улар билан бирга бўлиш ҳуқуқига эришади.
Рани Мукержи фаолиятида драматик роллар кам эмас. Дебика Чаттержи образи ҳам унинг ижодидаги энг яхшиларидан бири бўлади деб ўйлайман.
Дарвоқе, “Чаттержи хоним Норвегияга қарши” фильми реал воқеаларга асосланган.
Комментариев нет:
Отправить комментарий