07.02.2017

Мадхури Дикшит айтадики...

* “Ўзимни суперюлдуз деб аташни истамасдим, аммо актрисалик пайтимда камера қаршисида туриш менга жуда ёқарди. Лекин оилавий ҳаёт ҳар доим орзуларимнинг бир қисми бўлган. Шунинг учун турмуш ва болаларимнинг туғилиши мени бахтиёр қилди.
* Ишига фидойи аёллар оиласига етарлича эътибор бермайди деган фикр хато. Улар оиласи комиллиги учун қўлидан келганча ҳаракат қилишади. Болалар оналарининг қандай берилиб ишлашини кўрганда, уйдаги масъулликни ўз зиммасига олишига ва бошқалардан омадлироқ бўлишига ишонаман.

* Бахтимга, мен хавфдан холиман. Бундан ташқари, мухлислар билан боғлиқ юракни эзадиган можароларга дуч келмаганман. Уларнинг бирортаси менга ёмон ёки ҳурматсиз муносабатда бўлмаган. Ҳа, менга уйланишни хоҳлашини айтган мухлисларим бўлган. Айримлари ҳатто сочларини қирдириб, менинг исмимни ёзишган. Лекин уларнинг ҳеч бири менга зарар етказишга уринмаган.

* Менга кулиш ва болаларим (Арин ва Рьян) билан бирга аҳмоқликлар қилиш жуда ёқади. Уларни мактабга тайёрлаш, имконим бўлганда, уларни овқатлантириш ва бирга ўйнаш ёқади. Умуман олганда, мен ҳаётнинг оддий қувончларини яхши кўраман.

* Ким мақтовни хуш кўрмайди? Оғир меҳнатинг учун мақтов эшитиш ҳар доим ёқимли.

* Мен ва Рам ҳар доим яхши чиқишамиз. Эсимда, биринчи марта учрашганимиздан сўнг қайта-қайта учрашишни хоҳлаганмиз. Ўшандан бери ҳеч нима ўзгармади. У ҳар доим мени мақтовларга кўмиб юборади. Агар Рамдек меҳрибон эрингиз бўлса, бирон аниқ мақтовни танлаб айтиш қийин.  Унинг ҳаётимда борлиги – омадим. Агар Рам бўлмаганда, шунчалик кўп нарсага эришмаган бўлардим. Эсимда, ажойиб кунларнинг бирида рақс академиямни очишни орзу қилишимни айтганман. У менга шу орзуни бир лаҳзадаёқ рўёбга чиқаришга ёрдам берди. Ҳар бир қизга чин дилдан Рамдек умр йўлдош насиб этишини тилайман.

* Буни қарангки, эрим мен билан танишгунга қадар кўрган биринчи ва ягона фильм “Amar Akbar Anthony” экан. Буни эшитганимда, роса ҳайратланганман.

* “Tezaab” фильмидан сўнг кўп хат олганман... Бундай муносабатдан жуда таъсирланганман. Ўшанда илк бор танилганимни ёки танилаётганимни тушунганман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий