“Сенга
ошиқман” ва бошқа кўплаб телесериаллар, Болливуд фильмларининг продюсери Экта
Капур ўзбек томошабини “Меҳрибонгинам” фильми орқали яхши танийдиган актёр
Житендра ва “сериаллар маликаси” Шобха Капурнинг қизи.
Эктанинг актриса бўлиши
учун имкониятлар бор эди (отаси туфайли ҳам кинода суратга туша оларди), аммо у
укаси Тусшар сингари кинода суратга тушишни эмас, экран ортида ишлашни маъқул
кўрди. Энди Эктанинг ўзини ҳам “сериаллар қироличаси” деб таърифлашмоқда.
Сўнгги ўн
йилдан бери шон-шуҳратга кўмилиб яшаётган Экта Капур эришган ютуқларида тўхтаб
қолмоқчи эмас, албатта. Афсонавий сериаллардан тортиб, ажойиб фильмларгача —
Экта ҳар доим томошабинни қизиқтиришни билади.
Экта 1975
йил июнь ойида дунёга келган. Отаси — актёр. Онаси — теле ва кинопродюсер, “Balaji
Telefilms” продюсерлик
компаниясининг директори. Экта Bombay Scottish School ва Митхибаи коллежида
ўқиган. Телевидение режиссёри, кино ва телесериаллар продюсери, “Balaji
Telefilms”нинг ҳамбошқарувчи
директори ва креатив директори.
“Balaji
Telefilms” Мумбайда ташкил қилинган бўлиб, Ҳиндистондаги энг йирик
телекомпаниялардан бири ҳисобланади. Компания Капурлар оиласи — Шобха, Экта,
Житендра ва Тусшарга тегишли.
Экта шу
кунгача кўплаб сериаллар ва кинофильмларга продюсерлик қилган. Шунингдек,
телевидениедаги бир қанча сериал ва шоуларнинг ҳамрежиссёри саналади.
Экта
Капур зиёфат ва кечалар уюштиришни яхши кўради. У тиним билмай ишлашни ҳам,
маза қилиб дам олишни ҳам билади. Бироқ Экта ўзи уюштирган зиёфатларга кўпинча
кечикиб келади, аммо кейин меҳмонларини ўзи билан обдан рақс тушишга мажбур
қилади.
Экта иш
пайтида ҳам ҳазиллашишни яхши кўради. Унинг ҳазиллари атрофидагиларнинг ҳам
думалаб қолгунча кулишга сабаб бўлади.
Экта —
ширинликхўр. Унинг совуткичи доим шоколад ва шоколадли музқаймоққа тўла.
Экта —
онасининг қизи. Одатда, қизлар отасининг эркаси бўлади. Лекин Экта чинакамига
онасининг қизи. У Шобха Капур билан жуда яқин, ҳар доим унинг ғамхўрлиги
остида. Уларни кўпинча кулишиб, ҳар хил мавзуларда гаплашиб ўтиришганини кўриш
мумкин.
Экта
ҳайвонларни жуда яхши кўради ва доим ишхонаси ёки уйи атрофидаги дайди
ҳайвонларни олиб кетади. Дайди ҳайвонларга ғамхўрлик қилишда унга укаси ҳам
ёрдам беради.
Экта
нумерологияга ишонади. Шунинг учун ҳам “Once Upon A Time In Mumbaai Again”
(“Бир куни яна Мумбайда”) фильми номини “Once Upon Ay Time In Mumbai Dobaara”
(“Бир куни Мумбайда-2”)га ўзгартирди. “Мен астрология ва нумерологияга
ишонаман, лекин бу фильм муваффақиятига ёрдам берадими ёки йўқми, фильм чиққандан
кейингина билиб оламан”, — дейди у.
Тусшар
Капурнинг айтишича, Экта баландлик ва қоронғиликдан қўрқади. Шунингдек,
вертолётлардан ҳам қўрқади, шунинг учун унга чиқмайди.
Экта
машҳур продюсергина эмас, балки, мода оламининг вакиласи ҳам. Экта яқинда
ўзининг “ЕК” деб номланган мода брендини тақдим этди. “Мен ҳар доим янги
соҳаларни ўзлаштиришга ҳаракат қиламан, менинг либосларим мамлакатнинг ҳамма
бурчакларида оммалашади деб умид қиламан. “ЕК” модани арзонлаштиришга уринади”, — дейди
Экта.
Экта мукаммалликни
яхши кўради. “Аёл қисмати” сериали учун энг яхши либосни танлашдан аввал у 19
хил моделни рад этди. Бундан ташқари, шу сериал сценарийсининг бештасини йиртиб
ташлади. Айтишларича, Экта “Аёл қисмати”нинг намойиши учун аввалги лойиҳаси —
“Муқаддас ришталар” (“Pavitra Rishta”, бу сериалда Шакти Арора ҳам суратга
тушган) намойиш этилган вақтни танлади, негаки у шу сериални ўзи учун омадли
деб ҳисоблайди.
Эктанинг
телесериаллари “Sony”, “Star Plus”, “Zee TV” сингари кўплаб телеканалларда
намойиш этилган.
Бир
вақтлар Эктанинг ҳамма телесериаллари номи “К” ҳарфи билан бошланган.
2014 йил
маълумотларига кўра, продюсер сифатида Экта Капурнинг рўйхатида 43та фильм ва
телесериал бор.
Экта
кўплаб актёр ва актрисаларнинг иш бошлашига имкон берган. Болливуднинг машҳур
актрисаси Видья Балан Эктанинг “Hum Panch” телесериалида илк бор суратга
тушган. Рохит Рой ва Рам Капур сингари актёрларнинг Болливуддаги актёрлик
фаолияти ҳам Экта Капур билан ҳамкорликдан бошланган.
Комментариев нет:
Отправить комментарий