“Bhoomi” фильмини кўришга ундаган сабаб – Адити Рао Хидари ва Санжай Датт тандеми. Адитини бир-бирига ўхшамаган ролларда, кейинги пайтларда иккинчи даражали ролларда ҳам кўриб, фаолиятига қизиқиш уйғонди. Санжай Даттнинг экранда унинг отасини ўйнаши бу қизиқишни янада оширди. Кейинги пайтларда унчалик фаол бўлмаган Санжай “Бхуми”да қандай роль ижро этди, деган саволга жавоб топгим келди. Томошабинларнинг фикрларидан бу кинокартинада у номуси топталган қизи учун ўч оладиган ота қиёфасида намоён бўлишини билгандим.
Фильмни кўрдим. Адити ва Санжай Датт тандеми чакки эмас, иккаласи ҳам ролини яхши ўйнаган, албатта. Фильмда эса кейинги пайтларда жуда кўп тилга олинадиган муаммо – аёлларнинг номусини топташ, зўравонлик кўтарилган. Қонуний йўл билан адолатга эришолмаган ота ва қизнинг жиноятчилардан ўч олиши кўрсатилган.
Фақат фильмда нимадир етишмаётгандек туюлади. Арун Сачдеванинг биқинига суқилган темир билан қонига беланган ҳолда зўравонни енгиши эса эски фильмлардаги ҳақиқатга мос келмайдиган хаёлий саҳналарни эслатгандек бўлади.
Фильмдаги Житу исмли қаҳрамон бола (у ҳали 18га тўлмаган) ҳаммадан кўпроқ нафрат уйғотади, назаримда. Ёш боланинг шундай жирканч жиноятга шерик бўлиши, бунга эрмак деб қараши ва бемалол тасвирга тушириши, камига бутун ҳаёти топталган қизнинг ёнида иршайиб юриши... Даҳшат! Опаси унинг ўлимидан сўнг: “У укам бўлганидан афсусланаман”, - дейди. Бундай одамлар чиндан ҳам бировнинг укаси, акаси, ёри бўлиши мумкин эмас...
Бир ҳинд киноси мухлиси 2017 йилда нима учун битта мавзуда учта фильм – Шридеви иштирокидаги “Ойи”, Равина Тандон иштирокидаги “Она” ва “Бхуми” суратга олинганидан таажжубдалигини билдирганди. Чиндан ҳам, бу учта фильм мавзуси бир хил.
Дарвоқе, бизда шу мавзуда фильм ишланса, қандай бўлади, деб ўйладим...
Комментариев нет:
Отправить комментарий