20.09.2022

“Бажирао ва Мастани”


Бу фильмни кўрганимга бир ярим ойча бўлди. Ундан кейин яна бир нечта фильм, сериал кўрдим, лекин “Бажирао ва Мастани” ҳақидаги таассуротимни дарров ёзмадим. Нима учун? Фильм ёқмадими? Йўқ, ёқмади деёлмайман. Баъзи томошабинлар уни шоҳасар деб таърифлашган (эҳтимол, Ранвир Сингх ва Дипика, ёки Санжай Лила Бхансали мухлислари, ёки афсона даражасидаги севги қиссалари хуш кўрувчилар учундир). Мен учун ҳозирча Бхансалининг энг яхши фильми – “Девдас” (ёки бу фильмнинг аввалги талқинини кўрмаганим учундир). “Рам ва Лила”ни суратга олган режиссёр Дипика ва Санвир Сингхни яна “Падмавати”, “Бажирао ва Мастани”да ишлатди, Дипика ва Ранвир билан ишлаш унга маъқул, шекилли.

Бу кинокартина ҳам Санжай Лила Бхансалининг тарихий мавзудаги кўплаб фильмлари сингари муҳташам ва ёрқин декорацияларга бой. Шу даражада бойки, кўзингиз қамашиб кетади.

Фильмдаги воқеалар ривожига келсак, афсонавий муҳаббат қиссаси жуда тез ўт олгандек туюлди. Мастани Бажираони қисқа фурсатда қаттиқ севиб қолди, лекин Дипиканинг кўзларида оташин эҳтирос ва севги эмас, кўпроқ маҳзунлик ва дард кўрингандек туюлди. Бажираонинг юрагида Мастанига нисбатан дарров ишқ пайдо бўлиб қолмади, уни ташлаб, ўз юртига кетди, аммо Мастани ўзи келгандан сўнг унга қаттиқ боғланиб қолди. Хуллас, севги афсонаси оташин севги қиссасидек яралмади, назаримда.

Фильмда Мастани ва Кашибайнинг биргаликдаги рақси бор. Худди “Девдас”да Паро ва Чандрамукхининг рақси каби. Албатта, рақс ва қўшиқ ёмон эмас, аммо аввалги усулни такрорлаш шарт эмасди. Қолаверса, Приянка ва Дипиканинг биргаликдаги рақси Айшвария ва Мадхуриникидек муваффақиятли эмас (шахсий фикр).

Ранвир Сингх – яхши актёр. Фильм якунидаги саҳналарда унинг муҳаббати чин ва кучли бўлганига томошабин ишонади.

Фақат бир нарса тушунарсиз: Кашибай ва Мастани деярли бир пайтда фарзанд кўради, болалигида ҳам улар деярли тенгдош кўрсатилади, бироқ кейин нима учундир Мастанининг ўғли ҳали ҳам кичкина бўлса-да, Кашибайнинг ўғли ўсмирлик даврига етган йигитча қилиб кўрсатилади. Ё мен адашдимми?

Комментариев нет:

Отправить комментарий