22.06.2015

“Ягонам ўзинг”


(Hum tumhaare hain sanam)

Телеканалларда “Ягонам ўзинг” номи билан берилган “Мен сеникиман, ёр” фильми ёрқин рақс саҳналари, ажойиб қўшиқлари ва реал сюжети билан фарқланади. Кинокартинада ҳар доимгидек муҳаббат тараннум этилса-да, ҳаётий муаммолар ҳам кўрсатилади. 

Фильм қаҳрамонлари:

Гопал (Шоҳруҳ Хон) — бой, ақлли йигит.

Сураж (Салмон Хон) — истеъдодли қўшиқчи. Болаликдан етим ўсган, Радха ва унинг укасидан бошқа яқинлари йўқ.

Радха (Мадхури Диксит) — гўзал аёл. Гопалнинг рафиқаси.

Прашан (Атул Агнихотри) — Радханинг укаси. Бекорчи бўлса-да, кўнгли тоза йигит.

Нита (Суман Рангхатхан) — Гопалнинг синглиси.

Сюжет:

Радха болаликдан Сураж билан дўст. Улар бир-бирлари билан ниҳоятда яқин бўлиб кетишган. Уларни фақат мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туради.

Йиллар ўтиб, Радха Гопалга турмушга чиқади. Гопал рафиқасини жуда яхши кўради. Аммо Суражнинг келиб-кетиши, қўнғироқ қилишлари туфайли хотинидан шубҳалана бошлайди. Унинг назарида, ишга кетиши билан Радха фақат Сураж билан гаплашиб кун ўтказади. Ниҳоят, йигитнинг сабри тугаб, шубҳаларини тўкиб-сочади ва хотинига уйдан кетишни айтади...

Ижро:

Шоҳруҳ ҳар доимгидек ўз ролини қойиллатиб ижро этган. Унинг кўз қарашлари, юз ифодаси дилида нима демоқчилигини яққол кўрсатиб туради.

Салмон Хонга келсак, у ҳам яхши ўйнаган. Бироқ фильм марказида унинг қаҳрамони турмайди. У кўпроқ рақс саҳналарида намоён бўлади.

Мадхури Дикшитнинг қаҳрамони латофати билан мухлисларни лол этиши тайин. У гўзал рафиқаларни ҳамиша чиройли ижро эта олган.

Фильмда Суманнинг актрисалик маҳорати деярли намоён бўлмаган. Унинг ролини ижро этишга бунинг кераги ҳам йўқ.

Атул Агнихотрининг роли фильмда ўз ўрнига эга. Ҳарқалай, у туфайли оиладаги шароит янада оғирлашади.


Мусиқа:

Фильм мусиқасига қойил қолиш керак. Айниқса, фильмга номдош қўшиқ — “Hum tumhaare hei sanam” оҳангдор. Бундан ташқари, рақс саҳнаси ҳам маҳорат билан суратга олинган. Ҳали бирор ҳинд фильмида бундай кўриниш ишлатилмаган. Шунингдек, “Koi Koi Din”, “Sab kuch bula diya” қўшиқлари фильмнинг таъсирчанлигини оширган. Бастакорнинг жиддий ишлагани сезилиб турибди.

Таассурот:

Баъзилар фильмни кўргач, Шоҳруҳ қаҳрамонининг рашкчилигидан ранжиши мумкин. Аммо ўйлаб қаралганда, бундай шароитда ҳар қандай эркакнинг рашк қилиши табиий. Уларга рафиқаларининг ўзга эркак билан дўст бўлиши, кунда-кунора телефонда гаплашиб туриши хуш келмайди. Боз устига, гарчи қалин дўст бўлса-да, ўзга эркакнинг таърифи хотини тилидан тушмаслиги кимга ҳам ёқарди? Радха эса буни тушунмади. Эрининг кайфиятидаги ўзгаришларни сезмади. Гопал эса хотинига аввал-бошдан Сураж билан дўстона муносабатлари хуш келмаётганини айтиши керак эди. Шунда ҳеч қандай жанжал, кўнгилсизлик юз бермасди.

Картинада ҳаётий муаммо тасвирланган. Зеро, бундай воқеа ҳар кимнинг ҳаётида юз бериши мумкин.

Мадхури Дикшитнинг сарилари ниҳоятда ёрқинлиги билан ажралиб туради. Бу фильмда очиқ кийимлардан фойдаланилмаганлиги эътиборга сазовор.

Кинокартина режиссёри романтик руҳни муаммо билан уйғунлаштира олган.

Эсда қолган саҳна:
“Hum tumhaare hаin sanam” қўшиғи янграйдиган саҳна. Рақслар романтик кайфият бағишлайди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий