“Тангри яратган жуфтлик” (“Rab Ne Bana Di Jodi”,
2008) романтик комедиясида Болливуд суперюлдузи Шоҳруҳ Хон ва дебютант актриса
Анушка Шарма суратга тушган.
“Тангри яратган жуфтлик”ни “Ўғирланмаган келин”,
“Севишганлар” сингари хит фильмларни яратган режиссёр Адитья Чопра суратга
олган. Продюсер — Яш Чопра.
Фильм воқеалари Тани Гупта (Анушка Шарма)нинг тўйидан
бошланади. Шу куни Суриндер Сахани (Шоҳруҳ Хон) у билан учрашади. Тани —
устозининг қизи. Куёв яқинлари билан автоҳалокатга учраб ўлганидан сўнг отаси
Танини камтар ва олижаноб Суриндер, яъни Сурига турмушга беришга қарор қилади.
Тани ўлим тўшагида ётган отасининг сўнгги тилагига қарши чиқолмайди. Шундай қилиб,
улар турмуш қуришади. Профессор вафот этади, Тани эрининг уйига жўнайди.
Изтироб ўтида қоврилаётган Тани эрлик ҳуқуқини даъво қилишга
ботинолмаган Сурига: “Мен сизга яхши хотин бўламан, лекин сизни севиб қололмайман.
Энди менинг қалбимда муҳаббатга жой йўқ!” — деб айтади. Ёш рафиқасининг кўзларида
изтироб эмас, қувончни кўришни истаган Сури ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ишга қўл
уради. У рақс мактабига қатнай бошлаган Танининг ёнига бутунлай бошқа қиёфада
бориб, ўзини Раж деб таништиради. Тўпори, кўп гапирадиган ҳазилкаш Раж Танига
аввалига ёқмайди. Лекин кейин... Тани Ражга ўрганиб қолганини сезади. Йигит
севги изҳор қилганида, аросатда қолади. Иккиланишлардан чарчаган қиз у билан қочиб
кетмоқчи ҳам бўлади, аммо рақс мусобақасининг якуний босқичи арафасида
ибодатхонада ибодат қилаётиб, Сурини ташлаб кетолмаслигини, уларни Тангрининг ўзи
топиштирганини англаб етади...
Мусиқа ва рақслар
“Тангри яратган жуфтлик” қўшиқлари бастакорлар
Салим-Сулаймон томонидан яратилган. Бу фильм томошабинни фақат кулишга эмас,
балки рақс тушишга ҳам ундайди. Унда хореографиянинг юксак намуналарини кўришингиз
мумкин. Шоҳруҳ билан Анушканинг шиддатли рақслари уларнинг бу саҳналарга қанчалик
жиддий тайёргарлик кўришганидан далолат беради.
Суквиндер Синхнинг “Haule Haule” қўшиғи фильмга ўзига
хос жозиба бағишлайди. Суквиндер бу қўшиғи учун “Энг яхши эркак қўшиқчи”
номинациясида “Filmfare” мукофотини қўлга киритган.
“Phir Milenge Chalte Chalte” (“Яна учрашамиз йўл-йўлакай”)
қўшиғи саҳнаси ғоявий жиҳатдан янгилиги ва эски ҳинд фильмларидаги саҳналарнинг
Шоҳруҳ Хон ва машҳур актрисалар Кажол, Бипаша Басу, Лара Датта, Прити Зинта,
Рани Мукхержи (улар Наргис, Нутан, Элен, Шармила Тагор ва Ниту Сингхларни
тасвирлашади) тимсолида кўрсатиб берилганлиги билан эътиборни тортади. Бу қўшиқда
Болливуд қироли Раж Капур, Дев Ананд, Шамми Капур, Ражеш Кханна, Риши Капур
сингари фахрий актёрлар ижросини қанчалик синчиклаб ўрганганини кўрсатади.
Мусиқа ва қўшиқларнинг юқори сифатлилиги фильм мусиқий
альбомларининг кўп нусхада сотилишини таъминлади.
Премьера
“Тангри яратган жуфтлик”нинг Ҳиндистондаги премьераси
2008 йил ноябрда бўлиб ўтган.
Даромад
Фильм намойиш этилган биринчи кундаёқ бутун Ҳиндистон
бўйича 7,5 крор рупий даромад келтирди. Иккинчи куни бу кўрсаткич 10 крорга
етди. Илк ҳафтадаги даромади бўйича “Тангри яратган жуфтлик “Yash Raj Films”
компаниясининг аввалги хити — “Тезлик-2” (“Dhoom-2”)дан ҳам ўтиб кетди. Тўртинчи
ҳафтада АҚШда 1, Буюк Британияда эса 2 миллион доллар тўплади.
“Тангри яратган жуфтлик” бутун дунё бўйича 29 914 469
доллар даромад келтирди.
Ижро
Бу фильмда Шоҳруҳни бутунлай бошқа қиёфада кўрасиз. Унинг ҳам ўта
жиддий, ювош, ҳам тўпори йигитни ўйнаши истеъдодининг кўп қиррали эканини
исботлайди. Анушка Шарма биринчи ролини яхши ўйнаган, уни бошловчи
актрисага ўхшатмайсиз.
(c)
Комментариев нет:
Отправить комментарий