05.08.2015

“Безовта руҳ”

“Безовта руҳ” (“Bhoothnath”) фильми нафақат Амитабх Баччан, Жухи Чавла, Шоҳруҳ Хон каби юлдузларнинг иштироки, балки ўзига хос сюжети билан ҳам томошабинларга қизиқ туюлиши тайин.
Икки суперюлдуз — Амитабх Баччан Шоҳруҳ Хоннинг битта картинада суратга тушиши мухлислар учун жуда ёқимли. Фильмда руҳ билан оддий одамларнинг муносабатлари асосий мавзу сифатида танланиши ҳам картинанинг ўзига хослигини таъминлайди. 
Режиссёр Вивек Шарманинг “Безовта руҳ” фильмида бир ғоя — руҳнинг ўлмаслиги уқтирилади. Руҳ билан болакайнинг дўстона муносабатлари сизни фильм давомида жилмайишга, кулишга, ҳатто кўз ёш тўкишга ундайди. Картинада Натх исмли руҳ воқеаси ҳикоя қилинади. У ўлимидан сўнг Гоадаги уйида қолиш учун ҳамма нарсага тайёр. Бу уйнинг овозаси атрофга шу даражада тарқаб кетганки, Натх вилласи ҳақида эшитибоқ такси ҳайдовчилари ҳам даҳшатга тушишади. Аммо Натхнинг Гоага ота-онаси билан кўчиб келган болакай Банку билан тўқнашуви воқеаларни бутунлай ўзгартириб юборади. Бошқалар арвоҳдан ваҳимада яшаркан, болакай учун руҳ деган тушунча мавжуд эмас. Аста-секин бу икковлон ўртасида дўстлик пайдо бўлади... Аммо бу дўстликни Банкунинг ота-онаси, дўстлари, ўқитувчилари тушунишармикин? Ахир, арвоҳ билан дўст тутиниш тугул, унга дуч келишдан ҳам ваҳимага тушишади-ку.
“Безовта руҳ” барча ёшдаги томошабинларга маъқул келади. Болалар учун шўхлик, катталар учун чуқур ҳиссиётлар, юмор: картинадан ҳаммасини топиш мумкин. Банкуни жонлантирган ёш артист Аман Сиддиқий ўз ролини маромига етказиб ижро этди. Одамларни қўрқитишга уринадиган руҳ роли эса Амитабхнинг ижодида янгилик бўлди, дейиш мумкин. Шоҳруҳ билан Жухи ҳам бу фильмда яна бир бор маҳоратларини кўрсатишди. Жухи Чавла бош ролни ижро этган, майин табассуми билан фильмга жозиба бағишлаган, Шоҳруҳ эса 20-25 дақиқа кўриниш беради: аммо ишини қойиллатди. Бу икки юлдузнинг кўп йиллардан сўнг экранда яна бирга кўриниши томошабинларни бефарқ қолдирмаса керак.
Сатиш Шоҳ билан боғлиқ саҳналар томошабинга кулги улушади. Ражпал Ядавнинг образига у қадар эҳтиёж сезилмайди ҳам. Амитабх Баччаннинг ижроси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. У, ҳар доимгидек, ўз ролини маҳорат билан ижро этган.
“Безовта руҳ”нинг мусиқаси машҳур дуэт Вишал-Шекхарга тегишли. Фильм мавзуси бошқача бўлгани каби мусиқаси ҳам бошқача. Жуда чиройли. Бу картинада Биг Бнинг кучли овозини ҳам тинглашингиз мумкин.
Бу фильм Ҳиндистондан киноижарасида хитга айланмади, лекин томошабинларда таассурот ва унутилиб бораётган эзгуликка ишончни қайта уйғота олди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий