28.08.2015

Бечора “ошиқ”нинг аянчли қисмати

Машҳур “Сангам” фильмидаги Гопал образи билан ўзбек томошабинларининг севимли актёрига айланган Ражендра Кумар Ҳиндистоннинг жуда бой одамларидан бири бўлган. У фалсафа фанлари доктори унвонига эга эди. Раж Капур ва Ражендра Кумар оиласи дўст бўлиб, ота-оналар фарзандлари Рима ва Кумар Гауравларнинг турмуш қуришини орзу қилишарди.
Лекин болаларнинг никоҳдан бош тортиши ота-оналарнинг дўстлигига нуқта қўйди.
Ражендра Кумар 1929 йил 20 июлда Сиалкот (Ғарбий Панжоб)да туғилган. Мамлакат иккига бўлингандан сўнг таҳсилни Деҳлида тугатишга мажбур бўлган Ражендранинг оиласи Бомбейга кўчиб келди-ю, у куну тун суратга олиш майдончаларида қолиб кетишни одат қилди. Унинг илк фильми Дилип Кумар ва Наргис иштирокидаги «Меlа» (1948) бўлди. Аммо Ражендра унда кичкинагина ролни ўйнагани учун ҳеч ким уни пайқамади. Кейин яна бир нечта шундай эътиборни тортолмаган ролларни ўйнади. Ўзини қаҳрамон қиёфасида кўрсатиш ва истеъдодли актёр эканлигини намоён этиш учун унга нақ етти йил керак бўлди. Ана шундан сўнг режиссёр Меҳбуб уни «Она Ҳиндистон» (1957) фильмида «яхши ўғил»ни ўйнашга таклиф қилди. Албатта, бу картинада Сунил Даттнинг роли уникидан яхшироқ эди, аммо актёрни пайқашлари учун бу ролни ҳам омадли дейиш мумкин. 1959 йилда чиққан «Gunj Uthi Shehnai» Ражендрани катта юлдузлар қаторига киритди: маъюс нигоҳ, ёқимли овоз, кўзёшлар таъсирчан томошабин аёлларга жуда манзур бўлганди.
1960 йилда актриса Садхана режиссёр Х. С. Равайлнинг «Менинг маҳбубим» фильмига шартнома имзолашга ҳайрон бўлганда, Хришикеш Мукхержи унга таклифни қабул қилишни маслаҳат берди. Ахир Ражендра Кумар суратга тушишга рози, демак, муваффақият ҳам кафолатланган, деб изоҳлаганди у. Бу пайтга келиб актёрнинг фильм танлашда ниҳоятда билимдонлиги ҳақида гап тарқалиб улгурганди. 1959 йилдан то 1966 йилгача Ражендра Кумар ҳақиқий омад нималигини кўрди: унинг иштирокидаги «Кўнгил бир ибодатхона», «Орзу», «Қайнота» ва, шубҳасиз, «Чангда қолган гул» ҳамда «Сангам» фильмлари юз фоиз хит бўлди, натижада унга «Юбилей Кумар» деб лақаб қўйишди. Кумар «олтин экран»нинг барча етакчи юлдузлари – Мала Синха, Садхана, Вижаянтимала, Сайра Бону, Мина Кумари ва бошқалар билан суратга тушди. Ўн йил ичида панжоблик оддий йигит Бомбей киносаноатининг энг бой одамларидан бирига айланди. Уни «шоҳ Мидас» деб аташарди, у кадрда бир кўриниб, фильмни хит қилар, нимагаки тегинса, олтинга айлантирадиган афсонавий шоҳ сингари продюсерларга зўр даромад келтирарди.
60-йиллардаги мелодрамаларни Ражендрасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шамми Капур исёнкорлик руҳидаги образларда ўзини кўрсатаётганда, у ҳассос ошиқларни ўйнарди ва бу борада унга тенг келадиган рақиб ҳам йўқ эди.
Ражендра Кумар иштирокидаги «Чангда қолган гул» (1965) фильми ўша пайтдаги ҳинд фильмлари мухлисларининг бирортасини бефарқ қолдирмади. «Кўнгил бир ибодатхона» картинаси эса актёрнинг «азоб чекувчи ошиқ» амплуасини мустаҳкамлади. Бу фильмда унинг қаҳрамони – онколог ўз бахтини севгилиси (Мина Кумари) ва унинг собиқ эри (Раж Кумар) учун қурбон қилади. Умуман, Ражендра иштирокидаги мелодрамаларнинг аксарияти муҳаббат учбурчакларидан иборат бўларди. Бу мавзу авж нуқтасига етган фильм эса «Сангам» (Вижаянтимала ва Раж Капур) бўлди. Аввалига Раж Капур бахтсиз Гопал образига «фожиалар қироли» Дилип Кумарни таклиф этмоқчи эди, аммо Ражендра бу ролни ўзига сўраб олди. У томошабинларни кўзёшга чўмилтириш учун қаҳрамонини экранда қандай тасвирлаш кераклигини яхши биларди. Шундоқ ҳам юраги тилка-пора Гопалнинг фильм сўнгида ўз юрагига ўқ узиши... ҳаммани таъсирлантирарди. Бундай фидойи ошиқлик ҳинд киносаноатида афсонага айланди. 
Аммо Вижаянтимала билан «Қуёш» фильмидан сўнг Ражендра Кумар учун оғир давр бошланди. Кейинги «Аман», «Йўлдош», «Шатранж» фильмлари томошабинларнинг ҳафсаласини пир қилди. Киносаноатга кириб келган янги романтик қаҳрамон – Ражеш Кханнанинг мухлисаларнинг ўзгарувчан қалбини ром этди.
Шундан сўнг қатор бўш фильмларда истеъдодини бекор совурган ва ўн битта фильмнинг инқирозини бошдан кечирган Ражендра Кумар эпизодик ролларга ўтди.
Экранда Амитабх Баччан, Шаши Капур, Винод Кханна, Ражеш Кханналар ҳукмронлик қиларкан, Ражендра Кумар рафиқаси Шукла билан ўғли Манож (Кумар Гаурав) ва иккита қизини тарбия қилди. 1981 йилда эса у бош ролни Гаурав ўйнаган, Дэнни Денгзонгпа, Амжад Хон, Аруна Ирани суратга тушган «Муҳаббат ҳикояси» фильмига режиссёрлик қилди. Бу фильм кутилмаганда томошабинлар томонидан зўр кутиб олинди. Лекин шундан сўнг Гаурав иштирокида ишлаган кейинги фильмлари унга фақат зарар келтирди.
1998 йилда Ражендра Кумар ўйнаган охирги фильм - «Ер» экранга чиқди. 1999 йил 12 июлда актёр илик саратонидан вафот этди. Шуниси маълумки, у ҳеч қачон дори истеъмол қилмаган ва, тақдирнинг мудҳиш ҳазилини қарангки, қаҳрамонларининг азобларини ўз бошидан кечиришга мажбур бўлди.  
Актёр ҳақида маълумот:
Тўлиқ исми: Ражендра Кумар Тули
Туғилган вақти: 1929 йил 20 июль
Вафот этган вақти: 1999 йил 29 июль
Туғилган жойи: Сиалкот (Британия Ҳиндистони)
Барча фильмлари: 83та
Рафиқаси: Шукла
Фарзандлари: битта ўғил ва иккита қиз
Қизиқ факт: ўғли Гаурав Наргис ва Сунил Даттнинг қизи Намратага уйланган.
КОМИЛА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий