20.07.2015

“Сенга ошиқман” “Ошиқлар-2”дан илҳомланиб яратилганми?


Ҳинд киноси учун куй-қўшиқ ва рақслар жуда катта аҳамиятга эга. Фильм муваффақиятсиз чиққан тақдирда ҳам, қўшиқлар яхши бўлса, томошабинларда фильмга қизиқиш бўлади. Фильмнинг ўзи ҳам, қўшиқлари ҳам яхши бўлса, у нафақат томошабинларга, киночиларнинг ўзига ҳам маъқул келади ва улар кейинчалик ўзлари суратга олаётган кинолойиҳаларда севган қўшиқларидан фойдаланишади.
Кинорежиссёр Мохит Сурининг “Ошиқлар-2” (“Aashiqui”) ёхуд “Муҳаббатга бахшида умр-2” фильми қўшиқлари билан ҳам, воқеаси ва актёрлар ижроси билан ҳам томошабинлар қалбидан муносиб жой олди (ўзбек телевидениесида фильм “Ошиқлар” номи билан берилган бўлса-да, уни “Ошиқлар-2” деб номлаш тўғри, чунки “Ошиқлар” романтик мелодрамаси 1990 йилда Махеш Бхатт томонидан суратга олинган). Фильм томошабинларимизга маъқул келди, қўшиқларидан мобил телефонларида қўнғироқ мусиқаси сифатида фойдалана бошлашди. Ҳатто айрим ўзбек қўшиқчилари “Ошиқлар-2” қўшиқларини ўзбекчалаштириб куйлашди ҳам. Фильм қўшиқлари фақат ўзбек тилида эмас, араб, қозоқ тилларида ҳам қайта куйланди.
2013 йилнинг энг таъсирли фильмларидан бири бўлган “Ошиқлар-2” фильмида янграйдиган қўшиқлар чиндан ҳам юксак маҳорат билан, қалб торларини чертадиган даражада чиройли, таъсирли куйланган. “Сенга ошиқман” телесериалида бу фильмнинг қўшиқлари кўп марта янграйди. Хусусан, “Tum Hi Ho”, “Meri Aashiqui”, “Milne Hai Mujhse Aayi”, “Aasan Nahin Yahaan”, “Bhula Dena” тароналари. Продюсер Экта Капур Мохит Сурининг фильмидаги қўшиқлардан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олди. Мелодрамалар қироличаси бу қўшиқларни сериали учун танлаб олгани бежиз эмас.
Экта Капур аввалига Ранвир ва Ишанининг муҳаббат қиссасини “Meri Aashiqui Tum Se Hi” эмас, балки “Kyunki Tum Hi Ho” (“Чунки фақат сенсан”, бу сўзлар “Ошиқлар-2” фильмидаги “Tum Hi Ho” қўшиғида янграйди) деб номламоқчи эди. Бироқ бошқа саноатчи бу номни рўйхатга олдиришга улгургани сабабли жамоа сериал номини ўзгартиришга мажбур бўлди. “Ошиқлар-2”нинг саундтрекларини яхши кўриб қолган продюсер қўшиқлардан фойдаланишга қарор қилди, натижада фильм саундтреклари “Сенга ошиқман” телесериалининг ҳам саундтрекларига айланди.
“Мен “Ошиқлар-2” қўшиқларини яхши кўраман. Бу қўшиқ аудитория билан боғлайди. Бу таъсир сериалда ҳам кузатилади деб умид қиламан”, — дейди Экта Капур.    

Севара АЗИЗ тайёрлади.

1 комментарий:

  1. Чиндан ҳам, "Ошиқлар" фильмидаги барча қўшиқлар ажойиб, чиройли, таъсирли ижро этилган. Фильм қўшиқлари 2013 йилнинг энг яхши қўшиқ, мусиқа йўналишларида кўплаб мукофотларга лойиқ топилгани бежиз эмас.

    ОтветитьУдалить