15.07.2015

Шакти Арора: “Ролим учун 9 килога оздим”


“Pavitra Rishta”даги доктор Онир ва “Сенга ошиқман” (“Meri Aashiqui Tum Se Hi”)даги Ранвир Вагхила роллари орқали томошабинлар эътибори, меҳрини қозонган Шакти Арора қисқа муддатли танаффусдан сўнг яна кичик экранга қайтганидан хурсанд. Сериалнинг муваффақияти актёрни янада руҳлантирмоқда.
“Pavitra Rishta”дан сўнг сериалларда суратга тушмай турдим, — дейди актёр. — Яхши таклифлар тушишини кутдим, “Balaji” мени таклиф қилганда, хурсанд бўлдим. Улар сериалларда қаҳрамонларни ҳаққоний кўрсатадиган ягона одамлар деб ўйлайман”. 
Шакти “Сен учун” (“Tere Liye”) телесериалида бирга суратга тушган Неха Саксенага кўнгил қўйган ва у ҳақда гапиришдан қочмайди. “Сериал ҳамма вақтингизни олиб қўяди. Ҳар куни деярли 12 соатлаб ишлайман. Уйга келгач, фақат ухлайман. Бир неча ойдан сўнг ҳаммаси изига тушиб кетишига умид қиламан, — дейди Шакти. — Ҳозир Неха сериалда ўйнамаяпти. У яхши таклифларни кутяпти. Шунинг учун уйда. Афсуски, у билан кўп вақтни бирга ўтказолмайман”.  
Бироқ Шакти кўп вақтини ишга бағишлаётганидан нолимайди. Кўп ишлашнинг ўзига яраша ижобий томонлари борлигини таъкидлайди. Масалан, у бир неча килограммга озди. “Узоқ вақт суратга тушиш озишимга ёрдам берди. Сериалда камбағал йигитни ўйнаётганим учун бошида тўққиз килограммга оздим. Ўшанда суратга тушиш давомида яна олти килограммга оздим, чунки суратга олиш майдончасида овқатланиш тартибсиз бўлади, нонушта ёки тушлик қилишга вақт топиш қийин. Танаффусда бўлганимда, ўзимни роса сийлагандим. Ҳозир эса бунга вақтим йўқ ва бу, менимча, яхши”.
Бу Шактининг ташқи қиёфасидаги ягона ўзгариш эмас: “Қаҳрамоним жуда фақир бўлгани учун ниҳоятда эскириб кетган кўйлак ва пойабзал кияман. Ҳатто сочларим ҳам бетартиб”. Шакти Арора суратга тушиш асносида ҳамкасби Радхика Мадан (Ишани Парекх) учун устоз вазифасини ҳам бажармоқда. “У телесаноатга энди кириб келди, шунинг учун унга ёрдам беришга ҳаракат қиляпман, — дейди актёр. — Суратга тушишдан олдин ҳар бир саҳнани машқ қиламиз. Агар у саҳнани яхши чиқариб беролмаётгандек кўринса, уни тўхтатаман, яна бир марта машқ қиламиз”. 
Шакти Арора учун актёрлик бегона соҳа эмас. Буваси Чандрашекхар ҳам актёр бўлган. “Кичканалигимдан уйда бувамнинг фильмларини томоша қилганман. Болалигимда киноюлдузлар атрофидаги муҳитга мафтун бўлганим эсимда. Мен ҳам машҳур бўлишни истардим. Шоу-бизнесга аввалига фақат шон-шуҳрат учун кириб келдим, аммо синовларда муваффақиятсизликка учрадим. Шунда актёрликка кўпроқ меҳр қўйишим кераклигини тушундим. Лекин ҳеч қачон бувамдан, кўплаб нуфузли танишлари борлигига қарамай, ёрдам беришини ёки мени тавсия қилишини сўрамаганман. Бугунги мавқеим қай даражада эканлигидан қатъи назар, ўз меҳнатим билан эришдим”.

Комментариев нет:

Отправить комментарий