07.07.2015

Радхика Мадан: “Уч кун ичида ҳаётим ўзгарди”


“Сенга ошиқман” телесериалида тажрибали актёрлар билан суратга тушган ва илк мартадаёқ бош ролни ўйнаган Радхика Мадан аслида раққоса. Бироқ у ўз ролини иложи борича ишонарли ўйнашга ҳаракат қилмоқда. Унинг Шакти Арора (Ранвир) билан экрандаги жуфтлиги томошабинларга манзур бўлди. 
— “Сенга ошиқман” телесериали учун синовдан ўтишингиз қандай кечди?
— Экта Капур (продюсер) мени Деҳлидаги мюзиклда кўриб, эътибор берибди. Менга Мумбайдан қўнғироқ қилиб, Экта Капур мюзиклда кўргани ва чиқишим унга ёққанини айтишди. Мумбайга синовга боришга таклиф қилишди. Бу борада ҳеч қандай жиддий ниятим йўқ эди. Маълум вақт эшитганларимга умуман ишонолмадим. Қўнғироқ қилган кишидан “Бунга ишончингиз комилми? Мен Радхика Маданман” деб сўрадим. У “Ҳа, сиз шу ролга танландингиз”, деб айтди. Уч кун ичида ҳаётим ўзгарганидан хурсанд эдим.
— Шундай катта компания ва Сарита Жоши, Гаури Прадхан Тежвани сингари тажрибали актрисалар билан ишлашдан хурсандмисиз?
— Шундай ажойиб телесериалда суратга тушиш шарафига муяссар бўлдим. Бу орзунинг рўёбидек гап. Ҳамма ҳамкасбларим жуда меҳрибон ва хайрихоҳ. Машҳур актёр бўлишса ҳам, ҳаволаниб кетишмаган. Ҳаммамиз жамоада ишлаймиз, улар билан ишлаш жуда қулай. Улар менга илҳом беришади. Экта Капур эса мен учун олижаноб қалб соҳибаси.  
— Сериалдаги ролингиз ҳақида нима дея оласиз?
— Сериалда асосий эътибор эркакларга қаратилган. Менинг қаҳрамоним муҳаббат ва садоқатга сўзсиз ишонадиган оддий ва содда қиз, бироқ у йигитнинг муҳаббатидан бехабар, шунинг учун бошида унга муҳаббат билан жавоб бермайди.
— Қаҳрамонингиз билан ўхшаш жиҳатларингиз борми?
— Йўқ, ҳамма жиҳатларимиз ўхшамайди, чунки ҳаётда мен нозик қиз эмасман.  
— Шакти билан экрандаги ва кадр ортидаги муносабатларингиз ҳақида нима дея оласиз?
— Бу ажойиб, у чиндан ҳам мени ўзимни қулай ҳис этишимга мажбур қилади. Одатда, тажрибали актёрлар жазавага тушишади, лекин у менга кўп ёрдам беради. Бирон қийинчиликка дуч келсам, доим менга ёрдам беради. Экранда бирга чиройли кўринамиз, бир-биримизни тортамиз, бу эса экранда бизни томошабинлар учун янада мафтункорроқ ва жозибалироқ кўрсатади.
— Рақс оламидан келиб, кинода қийинчиликлар дуч келяпсизми?
— Бу мен учун жуда қийин, чунки бу соҳада бутунлай янгиман. Ўзимни 100 фоиз ролга бағишлаяпман. Мен учун ҳар куни янги саёҳатдек гап. 
— Сизни қай бири кўпроқ қизиқтиради: рақсми ёки кино?
— Рақс бўлса керак, чунки рақс бу менинг муҳаббатим, у мени ўзимни бахтиёр ҳис қилишга мажбур этади. Ҳаётда рақс тушишни яхши кўраман, рақс тушишни тўхтата олмайман. Бўш вақти бўлиши билан рақс тушаман, мен учун рақс тушишдан қизиқарлироқ иш йўқ.
— Рақс тушишни яхши кўрасиз, қачондир “Jhalak Dikhlaa Jaa” сингари реалити-шоуларда (рақс билан боғлиқ шоу) иштирок этиш имконига эга бўлсангиз, имкониятдан фойдаланасизми?
— Реалити-шоуда қатнашиш имконини жон деб қабул қиламан. Ҳар доим реалити-шоуда хореограф сифатида қатнашишни орзу қилган, лекин энди танлов қатнашчиси сифатида иштирок этаман, бу эса янада қизиқроқ бўлади. Рақсга бағишланган реалити-шоуда қатнашишни истайман, нима бўлганда ҳам, Нью-Йоркда рақсни ўрганишга бормоқчиман. 
— Рақснинг қайси турини яхши кўрасиз? Болливуддаги севимли раққосингиз ким?
— Болливудни ёқтирмайман. Менга хип-хоп, жазз ёқади, қорин рақси — севимли рақсим. Эшли Лобонинг рақс академиясида шуғулланганман. Болливуддаги севимли раққосим эса Ритик Рошан, у ажойиб.
— Сиз деҳлилик қизсиз, Мумбайда янгисиз. Мумбайнинг нимаси сизга ёқди?
— Ростини айтсам, Деҳлидан кўра Мумбайни кўпроқ ёқтираман. Бу шаҳарни жуда яхши кўраман. Мумбай Деҳлидан кўра жадалроқ. Мумбайдан Деҳлига қайтганимда, Мумбайни соғиниб қолдим. Деҳлидаги одамларда мумбайликлардаги учқун йўқ.
— Келажакда қандай ролларни ўйнашни истардингиз?
— Ҳали ҳеч нима ҳақида ўйлаганим йўқ. Шунчаки оқимга қараб кетмоқчиман.
— Мухлисларга айтар сўзингиз?
— Омманинг вақтини хушнуд ўтказиш учун ишлашда давом этяпман. Биз ҳаммамиз ишлаяпмиз, телесериални кўришингизга умид қиламиз.

СЕВДОРА тайёрлади.


Комментариев нет:

Отправить комментарий