17.11.2015

“Мэри Ком” — ажойиб биографик фильм


Ниҳоят, шу биографик фильмни кўриш насиб қилди. Беш карра жаҳон чемпиони бўлган боксчи аёл — Мэри Ком ҳақида. Оддийгина оилада туғилиб-ўсган қизнинг орзуси учун курашиши, қийинчиликларни зўр матонат билан енгиши, ўз юрти шарафини ҳимоя қилиш учун ўзини аямаслиги, энг мушкул вазиятда ҳам олға қадам ташлашга куч топа олиши...
Фильмни кўрган томошабин сарфлаган вақтига ачинмайди. Фильм бир нафасда кўрилади.
Бош роль ижрочиси — Приянка Чопра. Приянка актриса сифатида унча-мунча Болливуд юлдузларини ортда қолдира олишини аллақачон исботлаб бўлган. “Барфи”, “Мода” сингари фильмлардаги роллари бунинг яққол мисоли. “Сизнинг буржингиз нима?” фильмида эса у бир эмас, ўндан ортиқ ролни ижро қилган. “Мэри Ком”да эса у нафақат актриса сифатида бор маҳоратини намоён этди дейиш мумкин. Жисмоний куч-қувватни талаб этадиган саҳналарда ҳам у ҳамма ҳаракатларни ишонарли кўрсата олган. Актрисанинг бу роль қандай тайёргарлик кўргани сезилиб турибди. Қойил!
“Мэри Ком”ни Болливуд мухлисларигина эмас, спорт, хусусан, бокс ишқибозлари, шу билан бирга ҳинд фильмларини мантиқсизликда, саёзликда айблайдиганлар албатта кўришлари керак. Бу кинокартинага Голливуднинг айрим тутуруқсиз жангари фильмлари яқин ҳам йўлолмайди.
Хуллас, тўсиқлар, қийинчиликлар, муваффақиятсизликларга қарамай, муваффақият сари интилишга рағбатлантирувчи, умуман яхши фильм кўриш ниятингиз бўлса, “Мэри Ком”ни кўринг.


Комментариев нет:

Отправить комментарий