05.11.2015

Шакти Арора: “Романтика — севган йўналишим”


Ҳиндистоннинг “Colors” телеканали томошабинларни бир-биридан қизиқ сериаллар билан хурсанд қилмоқда. “Сенга ошиқман” — яна бир муҳаббат қиссаси камбағал оиладан чиққан Ранвир исмли йигит ҳақида бўлиб, у ўзи хизмат қиладиган бой хонадон соҳибининг қизи Ишанини телбалардек севади. Ранвир Вагхела ролини Шакти Арора ўйнаган. Актёр бу ролни ўзига берилган ажойиб имконият деб билади, шунинг учун қаҳрамонини ҳаққоний кўрсатишга ҳаракат қилади.
— “Сенга ошиқман” нима ҳақида?
— Воқеалар Ранвирга, ҳайдовчининг яхши билим олган ва ақлли ўғлига боғланади. У отасининг хўжайини Харшадга акциялар бозоридаги бизнесда ёрдамлашади, у туфайли хўжайини кўп пул топади. Ранвир Харшаднинг қизи Ишанини севади. У ижтимоий даражаси туфайли Ишанидан пастдалигини билади. Ранвир Харшадга бўлган садоқати ва Ишанига бўлган муҳаббати ўртасида қолади. Бу жуда кучли муҳаббат қиссаси.  
— Энди сиз “Colors” телеканалининг аъзосисиз. Бунга қандай қарайсиз?
— “Colors” — жуда оммабоп канал, менинг ҳам севимли каналим, чунки одамлар сриалга боғланиб қолган. “Сенга ошиқман”да йигитнинг нигоҳидаги дунёни кўрсатамиз: бу янги бир нима бўлади. Қолаверса, сериалда бош ролга тасдиқланганимдан хурсандман. Улар билан кўп сериалларда бирга ишлаганман, бу ўзимни эркин ҳис қилишга ёрдам беради. Романтика — менинг севган йўналишим, улар менга шундай имкониятни беришди.
— Суратга олиш ишлари қандай кетяпти?
— Жамоадаги ҳаммани биламан, шунинг учун ўзимни уйимдагидек ҳис қиламан. Сериалда Ишанини ўйнаётган Радхика Мадан билан суратга тушяпман. У янги, лекин маҳоратга эга.
— Бу сериалга келганингизда нимани ҳис қилдингиз?
— Сериал синовига келганимда, жуда кўп одамлар бор эди. Мени танлашларидан бутунлай умидимни узиб, бошқа нарсаларга эътиборимни қаратдим. Лекин бир неча кундан сўнг менга “Балажи телефилмс”дан қўнғироқ қилиб, “Сенга ошиқман”га танланганимни ва Экта мен билан учрашмоқчилигини айтишди. Буни эшитганимда, “Ўҳў! Улар мени ролга танлашди. Ниҳоят сериалда бош қаҳрамонни ўйнай оламан”, дедим.
— Қаҳрамонингизга қандай қарайсиз?
— Бу воқеани ўқиганимда, “Э Худо, ахир бу менман-ку!” дедим. Ҳаётда ҳам мен вазмин йигитман. Неха Саксена — севган қизим билан учрашгунга қадар жуда жиддий эдим. Лекин бу муносабатлар туфайли буткул ўзгардим. Мен худди шундай вазмин ва беғам йигитман, шунинг учун бу ролни ўйнашим осон бўлади. Илгари бир нечта жиддий ролни ўйнаганман. Аммо энди янги ва ўзгача ролни ўйнайман. Қаҳрамонларимнинг ўзгармаган ягона жиҳати шуки, мен илгари ҳам камбағал эдим, энди яна камбағалман. Ролни ўйнашим осон бўлади деб ўйлайман, чунки мен қаҳрамонимга ўхшайман.
— Сериал ва қаҳрамонингиз учун ҳаяжонланяпсизми?
— Ҳа. Жуда ҳаяжонланяпман, чунки ниҳоят сериалда бош ролни ўйнаяпман. Илгари сериалга ўрталарида қўшилардим. “Pavitra Rishta”да ҳам, бошқа сериалларда ҳам шундай бўлган. Биронта сериал масъулиятини энг бошидан зиммамга олмаганман, гарчи истаган бўлсам ҳам, бундай имкониятга эга бўлмагандим. Энди шундай имкониятга эгаман. Ҳатто қаҳрамоним учун оздим ҳам. Томошабинлар бу сериалда бутунлай янги Шактини кўришади. Сериалда энг яхши ижромни кўрсатаман деб умид қиламан.
— Сизни нима хурсанд қилади?
— Бу сериал мени бахтли қилди деб ўйлайман. Бу тушга ўхшайди.
— Бунда кимнинг хизмати бор?
— Бу Тангрининг марҳамати ва Неха — менинг омад юлдузим туфайли. У менинг ҳаётимни буткул ўзгартирди? “Kismaat”даги муносабатларимизни кўрганмисиз? Ҳаётда ҳам муносабатларимиз шунга жуда ўхшайди. У ҳаётимга кириб келгандан сўнг мен бутунлай бошқа одамга айландим.

СЕВИНЧ тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий